Спорт | 18:27 / 26.08.2018
5948
2 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинларида eSport турнири старт олди

Фото: Infocom.uz

Бугун, 26 август куни Индонезиядаги Осиё ўйинларида электрон спортлари (eSport) мусобақаси старт олди, деб хабар бермоқда Infocom.uz. 

eSport мусобақаси кўргазмали тарзда ўтказилади, яъни бунда медаллар ўйналмайди. Турнирда Ўзбекистон терма жамоаси номидан электрон спорт федерацияси аъзоси, Тошкентнинг «Локомотив» клуби кибератлети Санжар Усмонов иштирок этади.

Мусобақа 26 августдан 1 сентябргача давом этади ва 6та йўналиш бўйича ўтказилади: Arena of Valor, Clash Royale (шахсий ҳисоб, мобил платформа), Hearthstone, League of Legends (жамоавий ўйин), Pro Evolution Soccer (жамоавий ўйин), Starcraft II (шахсий ҳисоб).

eSport турнирида жами 18та мамлакат вакиллари қатнашади. 6та йўналишнинг ҳар бирида 8 нафар киберспортчи иштирок этади. Улар 6-20 июнь кунлари саралаш ўйинлари орқали танлаб олинди. Индонезия терма жамоаси мезбон сифатида ҳар бир йўналишда битта ўринга эга бўлади.

Ўзбекистон кибератлетлари Hearthstone, League of Legends , Pro Evolution Soccer ва Clash Royale бўйича саралаш ўйинларида иштирок этишди. Бироқ, фақат Санжар Усмонов Clash Royale бўйича саралашда қирғизистонлик кибератлетни енгиб, Осиё ўйинлари йўлланмасига эга бўлганди.

Clash Royale бўйича мусобақа 27 август куни бошланади ва унда ҳамюртимиз вьетнамлик киберспортчи билан беллашади. Турнир иштирокчилари iPhone смартфонларидан фойдаланишади.

Мавзуга оид