15:18 / 28.08.2018
6590

МФЙ учун портал яратиш таклиф қилинмоқда

Фото: УзА

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида маҳалла фуқаролар йиғинлари учун ягона интернет платформа - портал яратиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, ҳозирда маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали кўрсатиладиган хизматлар - маълумотномалар бериш, тавсияномалар бериш, маҳалла учун долзарб муаммоларни фуқаролар орасида муҳокама қилиш ва бошқа хизматлар кўрсатишда маълум қийинчиликлар мавжуд. Чунки ҳамманинг ҳам мажлисларда қатнашишга вақтлари йўқ. Шунингдек, маълумотномалар ва тавсияномалар олишда ортиқча вақт кетиши ва тамагирлик ҳолатлари учраб туради. Шу сабабли республикадаги барча маҳалла йиғинлари учун ягона интерактив интернет платформа яратиш ва бунда ҳар бир маҳалла бу платформа-порталда ўз саҳифасини яратиш имконияти бўлиши лозим. Бу платформа-сайтда маҳаллалар маълумотномаларни электрон тарзда кўрсатиши, эълонлар бериши, сайловлар ва интерактив муҳокамалар ўтказиши (мобил версияси орқали), маҳалла фуқаролари эса портал орқали ўз муаммоларини кўрсатишлари мумкин бўлар эди.

“Бу платформа-порталнинг яна бир афзаллиги – маҳаллалар у орқали ўз эҳтиёжлари учун хайрия маблағ тўплаши ҳамда сарфланган маблағ тўғрисида ҳисоботларни кўрсатиш имкониятларига эга бўлар эди”, - дейилади мурожаатда.

“Маҳаллалар учун ягона интернет порталнинг яратилиши натижасида маълумотлар ва тавсияномаларни ташкилотлар ўзлари интернет орқали онлайн олиш имкониятига эга бўлади. Мазкур портал орқали фуқароларнинг маҳалла ҳаётида фаолроқ иштирок этишига ҳамда МФЙ фаолиятининг шаффофлиги ҳамда жамоатчилик назоратининг ошишига имконият яратилади”, - деб ёзади петиция муаллифи. 

Top