Спорт | 22:32 / 28.08.2018
40644
5 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинларида ўнинчи кун якунлари. Ўзбекистон умумий рейтингда кўтарилди

28 август куни Индонезияда Осиё ўйинлари мусобақаларида ўзбекистонлик 21 нафар спортчи яккалик ва жамоа ҳолда 6 спорт тури бўйича баҳс олиб борди. Турнирнинг ўнинчи кунида Ўзбекистон делегацияси жами 7 медални қўлга киритди.

От спорти
Ўзбекистонлик чавандозлар жамоавий баҳсларда саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, финал босқичига ўтишди. Аммо Ғ.Назаров, Н.Туякбоев, У.Комилов ва О.Собиржоновдан иборат жамоа финалда муваффақиятсизликка учради.

Енгил атлетика
Нигина Шарипова 200 метрга югуриш баҳсларида 23,31 сония натижа кўрсатди ва ярим финалга чиқди. У ярим финалда 23,45 секунд натижа қайд этиб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Медаллар учун баҳс 29 август куни бўлиб ўтади.

Кўпкураш (Баландликка сакраш – 08:30, ядро улоқтириш – 14:45, 200 м.га югуриш – 18:25) бўйича баҳсларда иштирок этган Екатерина Воронина дастлаб 100 метрга югуриш баҳсларида 10-натижани кўрсатди. Баландликка сакрашда эса учинчи ўринни эгаллади. У учта чиқиш якунларига кўра 11 нафар спортчи ичида еттинчи ўринни эгаллади.

Ситора Ҳамидова 5000 метрга югуриш баҳсларида 15 нафар спортчи ичида саккизинчи ўринни эгаллади.

Бадиий гимнастика

Сабина Ташкенбаева яккалик баҳсларида ярим финалда энг яхши натижани қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади. Аммо у финалда 65,850 натижа билан кумуш медал олди. Ўзбекистонлик яна бир бадиий гимнастикачи Нуриниссо Усмонова эса тўртинчи ўрин билан кифояланди. Биринчи ўрин қозоғистонлик спортчи Алина Одилхоновага (66.800) насиб этди.

Синхрон сузиш
Синхрон сузиш баҳсларида иштирок этган Ўзбекистон жамоаси (Анастасия Морозова, Анна Елтишева Нафиса Шомирзаева) финалда 10 жамоа орасида олтинчи натижани қайд этишди.

Бокс

Осиё ўйинлари Ўзбекистон бокс жамоасининг бугун рингга чиққан уч вакили ҳам ўз жангларида ғалаба қозониб, ярим финалга чиқди.

Жасур Латипов (-52 кг), Шунқор Абдурасулов (-60 кг) ва Бобоусмон Батуров (-69 кг) 31 август куни ярим финал жангларида иштирок этишади.

Ўзбекистон кураш жамоасининг бугунги баҳсларда иштирок этган барча вакили медал олди ва курашчилар Ўзбекистон ҳисобига энг кўп медал келтирган жамоага айланиб олишди.

-66 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилтган Маъруф Ғайбуллоев саралашда индонезиялик Тимур Априлианда Адини, нимчорак финалда филиппинлик Ламас Ал Роланни, чорак финалда туркманистонлик Марат Ўразовни, ярим финалда эронлик Ганбари Ганбаралини мағлуб этиб, финалга чиқди.

Унга финалда Ўзбекистоннинг шу вазн тоифасидаги бошқа вакили Руслан Бўриев қарши чиқди. Бўриев финалга қадар мўғулистонлик Басандаш Жаргалсайхон, непаллик Тапа Упендра, афғонистонлик Муҳаммад Юсуф Шуайб ва хитой тайпейилик Чан Хаоченгни мағлубиятга учратганди.

Ўзбекистонлик икки спортчининг ўзаро баҳсида Ғайбуллоевнинг қўли баланд келди ва курашдаги илк олтин медал ва кумуш медал расмийлаштирилди.

+90 кг вазн тоифасида ҳам ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этишди.

Нурбек Тўраев саралаш босқичида ливанлик Фадел Жадни, нимчорак финалда мўғулистонлик Баярсайхон Темулинни, чорак финалда афғонистонлик Абдулбосир Раҳмонийни мағлуб этди. Аммо у ярим финалда эронлик Жафар Паҳлавонийжагарҳга ютқазди ва бронза билан кифояланди.

Шу вазн тоифасидаги яна бир ўзбекистонлик спортчи Муҳсин Ҳисомиддинов эса олтин медалга эга чиқди. У иштирокини нимчорак финалда бошлаб, япониялик Татсуми Кавагучи, хитой тайпейилик Ли Пойен, афғонистонлик Мансур Сарварини мағлуб этиб финалга чиқди. Финалда эса у ярим финалда Нурбек Тўраевдан устун келган Жафар Паҳлавонийжагарҳга қарши гиламга чиқиб, ғалаба қозонди.

Аёллар ўртасида -52 кг вазн тоифасида турнирга келган Гулнора Сулаймонова ҳам олтин олди.

У финалгача индонезиялик Мая Сари Сембиринг, қозоғистонлик Акжўл Кайипхан ва мўғулистонлик Герелма Эрденетсогтни мағлубиятга учратганди. Финалда эса ҳиндистонлик Пински Балҳара таслим этилди.

Шу вазн тоифасидаги Ойсулув Абдумажидова эса бронза медаллар билан кифояланди. Баҳсларга нимчорак финалдан киришган Ойсулув Абдумажидова дастлаб туркманистонлик Анастасия Макеевани, кейин эронлик Таҳира Азарпайвандни енгди. Аммо ярим финалда ҳиндистонлик Пински Балҳарага мағлуб бўлди.

Шу тариқа, бугунги баҳсларда 3 олтин, 2 кумуш ва 2 бронза қўлга киритган Ўзбекистон вакиллари умумий рейтингда 11-ўриндан 9-ўринга кўтарилди. Айни вақтга келиб ўзбекистонликлар қўлга киритган медаллар сони 38тага етган - 9 олтин, 15 кумуш ва 14 бронза.

Мавзуга оид