Ўзбекистон | 16:43 / 29.08.2018
19336
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Тошкент металлургия заводи қурилиши билан танишди 

Йирик саноат корхоналари мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилаётган Тошкент металлургия заводи шулардан бири, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни ушбу корхона қурилиши билан танишди.
 
Лойиҳа қиймати 286,7 миллион евролик мазкур корхонага Италия, Германия, Австрия, Россия каби давлатларда ишлаб чиқарилган илғор ва замонавий ускуналар келтирилади. Бу ерда автомобиль кузовлари ва маиший техника учун металл листлар, металл черепицалар, профнастил ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади. Тўлиқ қувватда туширилгач, корхонада йилига 500 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади, 700 га яқин иш ўрни яратилади. 

Президент 2017 йил февраль ойида ушбу корхона қурилиши лойиҳаси билан танишиб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган эди. Ўтган вақт мобайнида бу ерда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Завод биноси конструкцияси қуриб битказилди. 

Шавкат Мирзиёев қурилишнинг бориши билан танишди. Заводнинг мамлакат иқтисодиётидаги ўрнига тўхталиб, бу ерда ишлайдиган мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

 

Мавзуга оид