Ўзбекистон | 19:46 / 29.08.2018
27282
3 дақиқада ўқилади

Тошкентга инвестициялар ҳажми 1 йилда 6 баробар ошди

Ўзбекистонга инвестиция киритаётган давлатлар орасида етакчиликни Қозоғистон, кейинги ўринларда Россия, Туркия давлатлари эгаллаб турибди. Бу ҳақида 29 август куни ўтказилган Халқаро Пресс клуб сессиясида Тошкент шаҳар ҳокимининг инвестициялар, инновация, саноатни, туризмни ривожлантириш ва хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш масалалари бўйича ўринбосари Шароф Раҳмонов маълумот берди.

Шароф Раҳмонов
Фото: Халқаро пресс-клуб

«8 ой давомида Тошкентга 140 млн доллар миқдорида инвестиция киритилган. Таққослаш учун ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 24 млн долларга тенг эди. Пойтахтда хориж капитали бўлган 3800 компания рўйхатдан ўтказилган. Афсуски, уларнинг 500таси фаолият кўрсатмаяпти», – деган ҳоким ўринбосари. 

Шу муддат давомида Ўзбекистонга жами 140 млн. АҚШ доллари инвестиция қилинган. Айни пайтда биргина Тошкент шаҳрида 3800 нафар хорижлик инвестор фаолият юритмоқда.

«Kun.uz» мухбири хабар беришича, анжуманда хорижий инвесторлар учун фойдаланилмаётган бино, ерларни бериш тартибига киритилган ўзгартиришлар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилган. Тошкент шаҳрида 290га яқин бўш турган давлат объектлари мавжуд. Уларни инвесторларга бериш учун аниқ механизм яратилган. Унга кўра, бўш бинолар «ноль» қийматда берилади ёки белгиланган бозор нархида сотилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, таъмирлашга жуда катта маблағ талаб қилинадиган объектларгина «ноль» қийматда берилади, чунки бундай турдаги биноларни маҳсулот ишлаб чиқаришга тайёр ҳолатга келтиришга анча харажат талаб этилади. Бу эса инвестор учун фойдадан кўра, зарар ҳажмини кўпайтириши мумкин. Бошқа кичик объектларга эса белгиланган бозор нархи қўйилади.

Республика Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нажмиддинхўжа Шарипов давлат ерларини хусусийлаштириш дастури тўғрисида тушунча бериб ўтди.

Нажмиддинхўжа Шарипов
Фото: Халқаро пресс-клуб

«Янги киритилган тартибга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигига давлат объектларини тасарруф этиш ҳуқуқи берилди. Бунда биринчи қадам бўш турган давлат объектларини хатловга олиш бўлади. Олдинги тартибга асосан, хусусийлаштириш фақат президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан амалга ошириларди. Янги фармонда Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу ишни бажариш ҳуқуқига эга бўлди. Энди тадбиркорлар ортиқча вақт сарфлашмайди. Бевосита шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилишлари мумкин. Агар инвестор маълум ҳудудда самарали фойдаланилмаётган объектлар ҳақида ҳокимликка ўрганиш учун таклиф билан чиқса, биз бу масалани кўриб чиқамиз. Ҳақиқатан ўша бино фойдаланилмаётган бўлса, бино эгасига 1 ой муддат берилади. Самарали фойдаланиш бўйича аниқ режа тақдим қилинмаса, ҳокимлик объектни рухсатсиз олиб қўйиш ва тассарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади», дея Шариповнинг сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

Мавзуга оид