Спорт | 13:33 / 31.08.2018
9708
2 дақиқада ўқилади

Бокс. Бобоусмон Батуров ҳам олтин учун рингга чиқади

Осиё ўйинларида бокс мусобақаларининг ярим финал жанглари давом этмоқда.

Ўзбекистонлик яна бир боксчи финал йўлланмасини ҳал қилди. -69 кг вазн тоифасида рингга чиққан 23 ёшли Бобоусмон Батуров таиландлик 32 ёшли Сайлом Ади билан куч синашди.

Ушбу беллашувда Ўзбекистон вакили Рио-де-Жанейро Олимпиадаси иштирокчиси бўлган рақибини 4:1 (29:28, 29:28, 30:27, 30:27, 28:29) ҳисобида таслим этди. 

Энди унинг финалдаги рақиби қозоғистонлик Асланбек Шимбергенов бўлади. У иорданиялик Эшаш Зиёдни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Бунгача -52 вазн тоифасидаги Жасурбек Латипов ҳамда -60 кг вазн тоифасида рингга чиққан Шунқор Абдурасулов финал йўлланмасини қўлга киритишганди.

Кун давомида ўзбекистонлик боксчилар иштирокидаги яна 4та ярим финал жанги бор. -49 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов Тошкент вақти билан соат 16:00да хитойлик Ву Жонглинга қарши рингга чиқади. Шунингдек, -56 кг вазн тоифасида Миразиз Мирзаҳалилов индонезиялик Аморагам Сунан Агунгга қарши (16:45), -64 кг вазн тоифасида Иқболжон Холдоров япониялик Дайсуки Наримацуга қарши (17:00) ва ниҳоят -75 кг вазн тоифасида Исроил Мадримов филиппинлик Марсиял Эймир Феликсга қарши (17:45) жанг қилади.

Финал жанглари 1 сентябрь куни ўтказилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид