03:27 / 31.08.2018
18730

Глобал исишни 17 йилдан кейин тўхтатишнинг имкони бўлмайди

Фото: Pixabay

Агарда инсоният яқин 17 йил ичида ис гази чиқишини камайтирмаса, Ер атмосферасидаги ўзгаришларни тўхтатиб бўлмай қолади, ҳавонинг ўртача ҳарорати 2 даражадан ошиб кетишининг олдини олишнинг эса умуман имкони қолмайди. Бу ҳақда Утрехт университети иқлимшуносларининг Earth System Dynamics журналида чоп этилган тадқиқотларида маълум қилинди.

2015 йилда қабул қилинган Париж келишуви парник газлари чиқаришни камайтиришни кўзда тутади.

Олимларнинг тахминича, атмосферага антропоген таъсирнинг камайиши Ер ҳарорати ўсишини 2 даража атрофида ушлаб туради, ҳозирда Ер ҳарорати саноат давригача бўлган ҳолатдан 1 даражага илиқроқдир.

Тадқиқотчилар иқлим ўзгаришининг математик модулини тузишди.

Натижада олимлар инсоният яқин 17 йил ичида парник газлари ажралиб чиқишини қисқартирмайдиган бўлса, Париж келишувидаги вазифалар амалга ошмайди, деган хулосага келишди.  

Аввалроқ Австралия миллий университети иқлимшунослари ҳаттоки Париж келишуви бажарилган тақдирда ҳам Ердаги ҳарорат яна 3-4 даражага кўтарилишини ҳисоблаб чиқишганди.

Бунга абадий музликнинг эриши, океанлар тубидан метангидратлар ажралиб чиқиши,тропик ва Шимолий яримшардаги ўрмонларнинг йўқолиб бориши сабаб бўлиши айтилган.

Top