Спорт | 11:20 / 01.09.2018
39685
8 дақиқада ўқилади

Бугун финал. Рингда «эски танишлар», «ноқулай» ва «янги» рақиблар жанги

Бугун, 1 сентябрь куни Осиё ўйинларида бокс бўйича мусобақалар финали ўтказилади.

Бокс бўйича баҳслар 7та вазн тоифасида ташкил этилган ва Ўзбекистоннинг турнирга ташриф буюрган 7 нафар вакили ҳам финалга чиққан. Финалда Қозоғистон ва Мўғулистондан 2, Ҳиндистон, Филиппин ва КХДРдан бир нафардан вакил бўлади.

-49 кг вазн тоифаси

Бугунги жангларни Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов бошлаб беради. У эски таниши, ҳиндистонлик Амитга қарши рингга чиқади. Ҳасанбой бу 22 ёшли боксчи билан бир неча бор тўқнаш келган, 2017 йили Ҳамбургда ўтказилган жаҳон чемпионатида чорак финалдаги ўзаро жангдан кейин ҳам уни ўзи учун «ноқулай рақиб» сифатида атаганди. Бу икки боксчи 2017 йили Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида ҳам ўзаро жанг қилган ва ўзбекистонлик спортчи қийинчилик билан ғалаба қозонганди.

Амит 2017 йилги Тошкентдаги чемпионатда бронза медал олган бўлса, 2017 йилги жаҳон чемпионатида бешинчи ўрин билан кифояланган. Шу билан биргаликда у ўз фаолиятида давомида бир қанча натижаларга эришган. Хусусан, 2017 йили Чехиядаги халқаро турнирда ва 2018 йили Болгариядаги хотира турнирида ғолиб бўлган. 2018 йил Австрияда ўтказилган Ҳамдўстлик ўйинларида кумуш медал билан тақдирланган.

Ҳасанбой Дўсматов финалга қадар лаослик Кампуван Хамсатхонени (5:0), қирғизистонлик Мирлан Туркбай улуни (5:0) ва хитойлик Ву Жонглинни (5:0) енгди.

Амит эса илк жангда мўғулистонлик Харку Энкмандахни таслим этган (5:0), чорак финалда шимолий кореялик Ким Жанг Рёнг тўсиғидан ўтган (5:0), ярим финалда филиппинлик кучли боксчи Карло Паламни мағлуб этган (3:2).

-52 кг вазн тоифаси

Жасурбек Латиповнинг финалдаги рақиби филиппинлик Ладон Роген. Айни вақтда 24 ёшда бўлган Роген фаолиятини 2009 йилда -49 кг вазн тоифасида бошлаган. У 2015 йили Осиё бокс конфедерацияси томонидан йил кашфиёти деб топилган. У 2016 йилги Рио Олимпиадаси иштирокчиси ҳисобланади. Ладон Роген 2013 йили Оманда ўтказилган Осиё чемпионатида бешинчи, 2015 йили Доҳада ўтказилган жаҳон чемпионатида учинчи ўринни олган, 2015 йили Бангкокда ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медал, 2017 йили Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида  бронза медал билан тақдирланган. Роген 2018 йилдан -52 кг вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок эта бошлади.

Жасур Латипов финалга қадар хитойлик Ҳу Жианггуани 3:2 ҳисобида, индонезиялик Сугуро Алдомсни 4:1 ҳисобида ва қирғизистонлик Азат Усеналиевни 4:1 ҳисобида мағлуб этди.

Роген эса илк рақиби непаллик Чудхари Премдан 5:0 ҳисобида устун келган, чорак финалда қозоғистонлик Азат Махметовни 3:2 ҳисобида енгган, ярим финалда таиландлик Тонгдее Юттапонгни 5:0 ҳисобида таслим этган.

-56 кг вазн тоифаси

Миразиз Мирзахалиловнинг финалдаги рақиби шимолий кореялик Жо Хё Нам бўлади. Бу рақиб ҳақида интернетда маълумотлар мавжуд эмас.

Мирзахалилов нимчорак финалда иорданиялик Алвади Муҳаммад тўсиғидан ўтди (5:0), чорак финалда эса мўғулистонлик Харку Эн-Амарга қарши кечган ўта қийин баҳсда ғалаба қозонди (3:2), финал остонасида индонезиялик Аморагам Сунан Агунгга имконият қолдирмади (5:0).

Жо Хё Нам эса нимчоракда туркманистонлик Ёқуб Мередовни (5:0), чорак финалда таиландлик 2015 йилги Осиё чемпионати ғолиби Бутди Чатчайни (4:0) енгди, ярим финалдан эса у жангсиз ўтди, унинг рақиби, хитойлик Ху Бохианг рингга чиқишдан бош тортди.

-60 кг вазн тоифаси

Шунқор Абдурасулов финалда олтин медал учун мўғулистонлик Эрденебет Цендбатарга қарши рингга кўтарилади. Цендбатар Рио Олимпиадасида -56 кг вазн тоифасида иштирок этиб, бешинчи бўлган. У шунингдек, 2015 йили Палембангда ўтказилган Индонезия президенти кубогида, 2016 йили Чехия ва Германияда ўтказилган халқаро турнирларда ғолиб чиққан.

Абдурасулов Осиё ўйинларидаги илк жангида филиппинлик Жеймс Палистедан устун келган (5:0), чорак финалда қирғизистонлик Арген Кадирбек улуни қийинчилик билан мағлуб этган (3:2), ярим финалда таиландлик Жунтронг Ружакранни таслим этган (5:0).

Мўғулистонлик боксчи эса иштирокини нимчорак финалда бошлаб, илк жангда ироқлик Жаббар Хасан Карбалаини 5:0 ҳисобида мағлуб этган, чорак финалда туркманистонлик Хурсанд Иманкулиевни 5:0 ҳисобида енгган, ярим финалда Хитой вакили Шан Жундан 5:0 ҳисобида устун келган.

-64 кг вазн тоифаси

Иқболжон Холдоровнинг ҳам финалдаги рақиби мўғулистонлик боксчи бўлади. Айни вақтда 26 ёшда бўлган Чинзориг Батарсук Иқболжон Холдоровга яхши таниш. Улар 2017 йили Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионати финалида ўзаро рингга чиқишган, ўша жанг ўзбекистонлик боксчи ғалабаси билан якунланган.

Чинзориг фаолиятини 2005 йилда бошлаган. У Рио Олимпиадаси иштирокчиси ҳисобланади. У 2015 йили Германияда ва Венгрияда ўтказилган халқаро турнирларда, шунингдек, 2018 йили Таиландда ўтказилган халқаро турнирда ғолиб бўлган. 

Иқболжон Холдоров нимчорак финалда 2013 йилги Осиё ўйинлари кумуш медали соҳиби, иорданиялик Обада Алкасбеҳга имконият қолдирмади (5:0), чорак финалда жанубий кореялик Лим Ҳюнсук устидан ғалаба қозонди (4:0), ярим финалда япониялик Дайсуки Наримацудан устун келди (5:0).

Чинзориг эса дастлабки жангида шимолий кореялик Ри Кон Тайни 5:0 ҳисобида енгди, чорак финалда ҳиндистонлик Диражни таслим этди (5:0), ярим финалда 2015 йилги Осиё чемпионати ғолиби Масук Вуттичайни енгди (3:2).

-69 кг вазн тоифаси

Бобоусмон Батуров финалда Қозоғистон вакили Асланбек Шимбергенов билан жанг қилади.

Айни вақтда 24 ёшда бўлган Шимбергенов 2016 ва 2017 йилларда Осиёнинг энг яхши боксчиси деб топилган. У 2018 йили Варшавада ва Дебреценда ўтказилган халқаро турнирлар ғолиби бўлган.

Бобоусмон Батуров турнирдаги иштирокини саралашдан бошлади ва илк жангда мўғулистонлик Отгонбатар Бямба-Эрденни таслим этди (5:0). У нимчорак финал жангини хитойлик Маймайтиту Кионгга қарши ўтказиб, 4:1 ҳисобидаги ғалабага эришди, чорак финалда эса Жанубий Корея вакили Лим Ҳюнчулни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. У финал остонасида таиландлик Сайлом Ади билан жанг қилиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шимбергенов ҳам иштирокини саралаш босқичидан бошлади. У илк жангда индонезиялик Сарохатуа Лумбантобингни мағлуб этди (5:0), нимчорак финалда покистонлик Зайб Гулни таслим этди (5:0), чорак финалда эса қирғизистонлик Абдурахман Абдурахманов турнирдан чиқариб юборилди (5:0). У ярим финалда Иордания вакили Ишаш Зиёддан устун келди (5:0).

-75 кг вазн тоифаси

Ўзбекистон делегацияси байроқдори Исроил Мадримов олтин медал учун Қозоғистон вакили Аманкул Абилханга қарши рингга кўтарилади. 

Абилхан Аманкул 2017 йили Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида ярим финалда Исроил Мадримов билан тўқнаш келган ва ютқазиб қўйиб, бронза билан кифояланганди.

Аммо у ўша йилнинг августида Ҳамбургда кечган жаҳон чемпионатида финалгача етиб борган ва кумуш медал билан тақдирланган, Мадримов эса чорак финалда америкалик Трой Айслига ютқазганди.

Абилхан 2017 йили Остонада ўтказилган президент кубоги ва ўша йили Германиянинг Ҳалле шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда ғолиб чиққан.

Шунингдек, 2018 йили Қозоғистонда ўтказилган президент кубоги ярим финалида бу икки боксчи ўзаро тўқнашган, жанг ўзбекистонлик боксчи устунлигида кечган бўлсада, ҳакамлар ғалабани мезбон спортчига беришганди.

Мадримов Осиё ўйинларида илк жангида мўғулистонлик Давасурен Даваанямни мағлуб этган (5:0), чорак финалда эронлик Сайидшаҳин Мусавий устидан ишончли ғалабага эришган (5:0), ярим финалда филиппинлик Марсиял Феликсга қарши оғир жанг ўтказиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган.

Абилхан эса нимчорак финалда таиландлик Канкоккреуа Аписитни мағлуб этган (5:0), чорак финалда Хитой Тайпей вакили Кан Чиавейдан устун келган (5:0). Ярим финалда у ҳиндистонлик Викаш Кришанга қарши жанг ўтказиши керак эди, аммо ҳиндистонлик боксчи жароҳати туфайли рингга чиқа олмади ва Абилхан тўғридан-тўғри финалга йўл олди.

Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси 15та олтин, 21та кумуш ва 25та бронза олган ҳолда еттинчи ўринда жойлашиб турибди. Агар бугунги бокс баҳсларида камида 5та олтин қўлга киритилса, Ўзбекистон умумий рейтингда Хитой Тайпей ва Эронни қувиб ўтиб, бешинчи ўринга жойлашиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид