Жаҳон | 20:39 / 03.09.2018
10405
2 дақиқада ўқилади

ФХХ Донецкда махсус гуруҳ иш олиб бораётганини билдирди 

Фото: ТАСС

Ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси раҳбари Александр Захарченконинг ўлими иши бўйича терговга ёрдам бериш учун Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат гуруҳ ДХРга жўнатилган. Бу ҳақда «Интерфакс»га ФХХнинг тезкор ахборот ва халқаро алоқалар хизмати раҳбари Сергей Беседа маълум қилди.

«У ерда мутахассислар аллақачон иш бошлаган», — деди у.

Беседанинг сўзларига кўра, ФХХ тан олинмаган республика раҳбарининг ўлимига Украина махсус хизматлари алоқадор деб ҳисоблайди. 

«Биз бу аниқ шундай деб ўйлаймиз», — деб қўшиб қўйди у. 

2 сентябрь куни «Росбалт» ДХР куч ишлатиш тузилмаларидаги манбасига таяниб, Россия президенти Владимир Путиннинг топшириғига кўра Захарченкога нисбатан амалга оширилган суиқасднинг ҳақиқий ижрочиларини топиш учун Донецкка россиялик мутахассислар келишганини маълум қилганди.

«Улар жиддий йигитлар. Россия президенти қотилларни қидириб топиш ва жазолашни айтган», — деган агентлик суҳбатдоши.

У ҳақиқий қотиллар ҳозирча топилмаганини айтган. 

«Экспертларнинг таъкидлашларича, портловчи қурилмани ўрнатиш учун ярим соатдан кам вақт кетмаган. Шунинг учун қўлга олинганлар бу ишга алоқадор бўлишлари мумкин эмас», — деган манба.

Захарченко 31 август куни Донецкдаги «Сепар» кафесида бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлганди. Унинг ўлимидан кейиноқ ДХР ҳукумати гумондорлар қўлга олинганини, улар бу ишга Украина томони алоқадор эканлигини тасдиқлашганини маълум қилганди. Киев бу айбловни рад этган.

Мавзуга оид