Жаҳон | 19:50 / 03.09.2018
6342
2 дақиқада ўқилади

Ливияда Қаззофийнинг тарафдорлари оммавий равишда қамоқхонадан қочишди

Фото: Ismail Zetouni / Reuters

2 сентябрь, якшанба куни Ливия пойтахти Триполи яқинидаги қамоқхонадан юзлаб маҳбуслар қочиб кетишди. Бу ҳақда The Independent хабар бермоқда.

Хабар қилинишича, 400га яқин маҳбус «дарвозани куч билан очишган» ва соқчилар уларга қаршилик кўрсата олмаган. Қамоқхонада оддий жиноятчилар ҳамда 2011 йилда тахтдан ағдарилган ва ўлдирилган Ливия ҳукмдори Муаммар Қаззофийнинг кўплаб тарафдорлари сақланган. Уларнинг айримлари ўша йили юз берган низодаги қотилликлари сабаб қамалганди.

Қамоқхона Триполидан жанубда, сўнгги ҳафтада мухолифатчи гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлар кучайган ҳудудда жойлашган. Бу гуруҳлар боис Ливия миллий келишув ҳукумати фавқулодда вазият тартибини жорий этган.

«Еттинчи пиёда бригадаси» ва «Суар Триполи» гуруҳлари ўртасидаги аёвсиз тўқнашувлар 26 август куни бошланди. Биринчи гуруҳ аъзолари ўзларини Ливия мудофаа вазирлигига мансуб деб билишади. «Суар Триполи» эса расман ҳукумат ИИВ таркибига киради.

Ливияда 2011 йилда мамлакат етакчиси Муаммар Қаззофий тахтдан ағдарилганидан сўнг фуқаролар уруши бошланган. Оқибатда ҳозирда мамлакатда иккита ҳукумат вужудга келган: Тобрук шаҳрида халқ томонидан сайланган парламент, Триполида эса БМТ ва ғарб давлатлари томонидан шакллантирилган миллий келишув парламенти ҳукмронлик қилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид