Жамият | 19:00 / 03.09.2018
15321
4 дақиқада ўқилади

«Онам борлигида оёққа туриб олишим керак». Севара ёрдамга муҳтож

Биз яшаб турган дунё беш кунлик дунё. Буни оламдан ўтиб кетган файласуфлар аввалига сўзлари билан, кейин ўз умрлари билан исботлаган. Баъзан бир умр яшайдигандек яшаймиз. Ердаги асосий функциямизни унутиб қўямиз. Дунё ишларига шўнғиб кетамиз. Озгина ғам келса ҳам сабрсизлик ила ношукрлик қиламиз. Лекин курраи заминимизда шундай инсонлар борки, улар дард билан туғилади, дард билан яшайди. Озгина тузалишга умид пайдо бўлса, улар учун бу катта бахт ҳисобланади.

Кун.уз жамоаси имкон қадар хайрия акцияларини уюштириб туради. Шундай мурожаатлардан бири Наманган вилояти Норин туманидан келган. Норин тумани Фурқат МФЙ Фурқат кўчаси 40 уйда 1988 йилда туғилган Атабаева Севара истиқомат қилади. Севаранинг ҳолидан хабар олиш мақсадида у ерга бордик. Унинг яқинлари билан суҳбатлашдик. 

Онаси Мадина Исаеванинг айтишича, қизи Севара биологик сабаблар бўлиб  муддатидан аввал дунёга келган. Шу сабабли у туғма ногирон сифатида давлат рўйхатига олинади. Унга болалар фалажи — нерв системасининг турли зарарланишлари оқибатида рўй берадиган ва рефлектор-ҳаракат фаолиятининг, баъзан руҳият ва нутқнинг бузилиши билан кечадиган касалликлар гуруҳи ташҳиси қўйилади. Севара 8 ёшигача умуман юрмайди. Мактабга ҳам бора олмайди. Ўртоқлари қатори юришни хоҳлаган қизалоқ 8 ёшдан аста-секин юришни бошлайди. Лекин оёқларини судраб юришга мажбур бўлади. Кейинроқ бундай ҳаракатланиш умумий ҳолсизликка, ўтириб туриш ва узоқ масофага юролмасликка, толиқишга олиб келади. 2012 йилда Наманган вилояти Уйчи туман марказий шифохонасида иккала чаноқ сон бўғими ва иккала болдир ошиқ бўғимини пластикалаш амалиёти ўтказилди. Андижон шаҳрида 2013 йил чап тизза бўғимини ва 2014 йилда ўнг тизза бўғимини пластикалаш амалиёти ўтказилади. Бироқ бемор тўлиқ тузалмайди. Юрганда унинг тиззалари бир-бирига ишқаланиб яра ҳосил бўлади. Яқинда Наманган шаҳрига Ҳиндистондан мутахассислар келган. У шифокорлар қабулида бўлган. Шифокорлар умид борлигини айтишган. Фақат мазкур операция Ҳиндистонда ўтказилади. Бунинг учун 10 минг АҚШ доллари керак бўлиб турибди.

Севара отасидан эрта ажраган. Ҳаётда жуда кўп қийинчиликларга дуч келган. Ҳозирда онаси борлигида ўзини ҳаётга тайёрлаб қўйишни мақсад қилган. Орзулари жуда кўп. Барчага ёрдам беришни асосий мақсади деб билади. Барча қатори юришни истайди. Уй-жойлар қуриб бахтли яшашни хоҳлайди.

Азизлар келинглар! Мана шу синглимиздан ёрдамимизни аямайлик. Ҳеч бўлмаса қўлларимизни очиб дуо қилиб турайлик. Зеро ёрдамларимиз билан шифо топса. Унинг оёқлари тузалиб юриб кетса. Дунёси бутунлай ўзгарса. Ахир бир кишига ёрдам бериб дунёни ўзгартира олмайсан. Лекин ўша инсоннинг дунёсини ўзгартиришинг мумкин деб бекорга айтишмайдику.

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:

Click/PayMe: 8600 0423 0362 2780 (Agrobank)

Visa: 4187 8200 0013 6703 (Agrobank VISA CARD)

Телефон: +998 (94) 902-03-88 Мадина Исаева (беморнинг онаси)

Мавзуга оид