Спорт | 15:20 / 05.09.2018
30969
3 дақиқада ўқилади

Америкаликлар Nike кроссовкаларини ёқишмоқда. Барчаси Каперник туфайли

Шу кунларда твиттерда #JustBurnIt ҳештеги оммалашди. Айниқса АҚШда одамлар бу ҳештегни илова қилган ҳолда саҳифаларига Nike фирмасига тегишли кроссовкаларини ёқишаётгани тасвирланган видео ва суратлар жойлашмоқда.

Nike ишлаб чиқарган пайпоқларини йиртиб суратини шундай ҳештег билан дунёга тарқатаётганлар ҳам учраб турибди.

Хўш, машҳур Nike фирмаси нима иш қилдики, америкаликларнинг бу қадар нафратига сабаб бўлди?

Хуллас, ҳаммаси аслида 2016 йилда бошланганди. Америкалик машҳур футболчи (американча футбол назарда тутилмоқда - таҳр.) Колин Каперник 2016 йилги ўйинлардан бирида ғалати ишга қўл уради. У ўйиндан олдин АҚШ мадҳияси янграётганда ўрнидан турмайди ва шу тарзда мамлакатдаги қора танли афроамерикаликларга нисбатан ёмон муносабатда бўлишаётганига норозилик билдиради.

Фото: Thearon W. Henderson / Getty Images

Каперникнинг бу «исёни» қолган афроамерикалик футболчилар орасида машҳур бўлиб кетади. Бу можаролардан кейин Nike ўз рекламаларига Колин Каперникни чиқармай қўяди. Компания футболчи билан шартномани бекор қилади. Уни ҳеч бир клуб ўз сафида кўришни истамайди. Чунки АҚШда кўпчиликни ташкил этадиган миллатчилар қатлами мамлакат мадҳиясини ҳурмат қилмаган Каперникдан нафратланиб қолишганди.

Яқинда Nike Каперник кўпчиликнинг ёдидан чиқиб кетган деган хаёл билан уни яна компания махсулотлари рекламасига жалб қилади. Nike шу кунларда машҳур шиори «Just Do It»нинг 30 йиллигини нишонламоқда. Каперник айнан мана шу шиор рекламасида қатнашади. Колиндан ташқари Nike қатор қора танли спортчилар, жумладан, Леброн Жеймс ва Серена Уильямсни ҳам «Just Do It» рекламаларига жалб қилди.

Мамлакат мадҳиясини ҳурмат қилмайдиган спортчининг рекламага олиб чиқилиши эса америкаликларга ёқмайди. Шу сабаб улар «Just Do It»нинг юбилейи давом этаётган бир вақтда Nike'нинг машҳур шиорига қиёфадош тарзда #JustBurnIt (Тезда ёқиб юбор) ҳештегини оммалаштиришади. Каперник ва ёқиш сўзлари эса бизга беихтиёр 15-16-асрларда яшаб ўтган олим Николай Коперникни эслатади. Коперникни ёқиб ўлдиришмайди, лекин у каби кўплаб олимларни ёқиш ўша вақтда тез-тез кузатилган.

Мавзуга оид