Ўзбекистон | 21:55 / 05.09.2018
3412
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро савдо айланмасини 500 млн долларгача етказмоқчи

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раҳбари Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги парламент делегацияси Қирғизистонга сафар уюштирди. 

Сафар давомида делегация аъзолари Қирғизистон парламенти – Жогорку Кенеш спикери Достонбек Жумабеков билан учрашишди.

Сенат матбуот хизмати маълумотларига кўра, учрашув давомида томонлар дўстона муносабатларни, жумладан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишган.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг сиёсий иродаси эвазига икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожланаётгани ва мустаҳкамланаётгани таъкидлаб ўтилган. 

Учрашув якунлангач томонлар ўзаро манфаатли алоқаларнинг яхши қўшничилик асосида изчил давом эттирилиши ва ривожланишига умид билдиришган.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон ва Қирғизистон савдо айланмаси ҳажми 88 фоизга ошиб, 215,7 млн долларгача етган. Айни вақтда бу кўрсаткични яқин истиқболда 500 млн долларгача етказиш бўйича катта кўламли иш олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда таълим қирғиз тилида олиб борилувчи 90 та мактабда 7,5 минг ўғил-қиз таҳсил олади. Ўзбекистонда қирғиз тили ва маданиятини, Қирғизистонда эса ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Мавзуга оид