Жамият | 19:52 / 06.09.2018
3547
2 дақиқада ўқилади

Косметика, телефонлар, автомобиль эҳтиёт қисмлари. Божхоначилар яна нималарни тўхтатиб қолишди?

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан И.Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти орқали тиббий буюмлар ва товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилишига доир яна бир божхона қоидабузарлиги фош этилди.

Бу ҳақида Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Пойтахт аэропортида “Сеул-Тошкент” йўналиши бўйича учиб келган фуқаро Б.А. божхона назоратидан “қизил” йўлак орқали ўтаётиб, ёнидаги товар-моддий бойликлари ҳақида йўловчи божхона декларациясида маълум қилади.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Аммо, унга тегишли бўлган қўл юки ва багажларидаги барча товарлар ҳам ушбу декларацияда кўрсатилмаган эди. Божхоначилар томонидан Б.А.нинг юклари белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда жисмоний шахслар учун божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлган, боз устига декларацияланмаган, жами 24 млн. сўмлик 739 дона косметика маҳсулотлари ҳамда 21 дона турли хилдаги уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шунингдек, мазкур рейс билан учиб келган фуқаро И.А.нинг қўл юки ва багажлари божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичида божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, жами қиймати салкам 4,7 млн. сўмлик 10 дона уяли алоқа воситалари ва 78 дона турли хилдаги автомобил эҳтиёт қисмлари борлиги аниқланди.     

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Ҳозирда мазкур ҳолатлар божхона текширувлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид