Ўзбекистон | 16:20 / 07.09.2018
6578
5 дақиқада ўқилади

ДБҚ режалари: 3 турдаги йиғимни қолдириш, 4та божхона йўлагини жорий этиш

Президентнинг божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини оширишга доир фармони лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинди.

Божхона йиғимлари сонини учтагача қисқартирмоқчилар

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда амалдаги божхона йиғимлари турлари сони – 16 та. Илгари уларнинг миқдорларини, айрим ҳолларда уларни ҳисоблаб чиқариш тартибини ўзгартирган ҳолда оптималлаштириш режалаштирилган эди, бироқ лойиҳа тасдиқланмади.

Norma’нинг ёзишича, ишлаб чиқувчиларнинг мўлжалига кўра, жорий йил 1 сентябрдан божхона йиғимлари ставкалари жадвали қуйидаги кўринишда бўлади:

Шунингдек божхона йиғимлари тарзидаги барча тушумлар ДБҚ тасарруфида қолиши ҳамда ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, божхона органларини янада ривожлантириш, кутилмаган харажатларни қоплаш ва «фронт-офисни» сақлаш учун сарфланиши кўрсатилган.

«Фронт-офислар» божхонада БЮДни тўлдиришда ёрдам беради

2019 йил 1 январдан бошлаб ДБҚнинг Тошкент вилояти ва Тошкентдаги бошқармалари божхона постлари ҳамда «Тошкент-АЭРО» божхонасида ТИФ иштирокчиларига божхона юк декларацияларини тўлдириш хизматларини кўрсатиш учун ёлланма ходимлар махсус гуруҳлари – «фронт-офислар» ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бундай ходимлар шартнома асосида жалб этилади, уларнинг хизматига ҳақ тўлаш учун ДБҚ Махсус жамғармаси маблағлари йўналтирилади.

Бу пилот лойиҳа бўлиб, ижобий натижа берганда 2019 йил 1 сентябргача ДБҚнинг бошқа бошқармалари фаолиятига жорий этилади.

Инсофли ТИФ иштирокчилари учун – соддалаштирилган тартиб

2019 йил 1 январдан бошлаб ДБҚ органлари инсофли ТИФ иштирокчилари – «ваколатли иқтисодий операторлар»ни аниқлай бошлайдилар, улар қонунчиликда белгиланган айрим соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан ҳамда таъминотни тақдим этмай туриб, божхона тўловларини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятидан фойдалана оладилар.

«Ваколатли иқтисодий операторлар»ни танлаб олиш тартиби ва мезонлари ҳукумат тасдиқлаши учун киритилади.

Бундан ташқари, жорий йил 1 октябрдан бошлаб олиб кириладиган истеъмол товарларининг айрим гуруҳларини эркин муомалага чиқариш режимида расмийлаштирилгунга қадар махсус назорат идентификация белгилари билан мажбурий маркировкалашни бекор қилмоқчилар. Уларнинг рўйхати – бу ерда.

Кўрикдан ўтказиладиган божхона юки «тасодифан танлаб» белгиланади

Президентнинг 12.04.2018 йилдаги Фармонига мувофиқ, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб асосий принципи «ялпи» божхона назоратини ўтказиш эмас, балки товарларни танлаб олиб божхонада назорат қилишдан иборат бўлган хавфни бошқариш автоматик тизими жорий этилмоқда.

Лойиҳада бунда қуйидаги божхона йўлакларини қўллаш таклиф этилмоқда:

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

«сариқ йўлак» – хавф даражаси ўртача бўлган ёки тасодифан танлаб олинган товарлар ва транспорт воситалари бўйича божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотлар текширилишини назарда тутади;

«қизил йўлак» – бу ерда хавф даражаси юқори бўлган ёки тасодифан танлаб олинган товарлар ва транспорт воситалари бўйича божхона назоратининг муайян шаклари қўлланилади.

«Сариқ» ва «қизил» йўлаклар 70% ва 30% нисбатда, тегишинча, хавфлар профиллари ёки товарлар ва транспорт воситаларини тасодифан танлаш асосида қўлланилади.

2019 йил 1 январдан бошлаб:

«яшил йўлак» – хавф даражаси паст бўлган товарлар ва транспорт воситалари божхона назоратидан ўтказилмайди;

«кўк йўлак» – хавф даражаси ўртача бўлган ёки тасодифан танлаб олинган товарларнинг божхона назорати улар чиқариб юборилгандан кейин қўлланилади. ДБҚ марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари аппаратлари томонидан амалга оширилади. 

2019 йил 1 январдан бошлаб тегишли йўлаклардаги товарлар ва транспорт воситаларини тасодифан танлаб олишнинг фоизли нисбатини жорий этилаётган тизим мониторинги якунларига кўра ДБҚ белгилайди. ТИФ иштирокчиси товарларни божхонада расмийлаштиришга сарфлайдиган вақт божхона ходимлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичи саналади. Божхонада расмийлаштириш вақти тўғрисидаги статистик ахборот ДБҚнинг расмий веб-сайтида ҳар ой эълон қилиб борилади.

Шунингдек 1.01.2019 йилдан бошлаб олиб кириладиган товарларни фақат видеокузатув тизими билан жиҳозланган жойларда божхона кўригидан ўтказиш режалаштирилмоқда. Бунда видеоёзув 3 ой давомида сақланиши ва унга ДБҚ марказий аппарати уланиши имконияти таъминланади.

Мавзуга оид