Ўзбекистон | 07:47 / 07.09.2018
14518
2 дақиқада ўқилади

Олий таълим муассасаларига масофавий ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқи берилди

Фото: Pixabay

Ўзбекистон Республикаси президенти “Корпоратив, лойиҳа бошқаруви ва давлат харидлари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан олий таълим муассасаларига, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассасаларига, уларнинг мулкчилик шакли ва бўйсунувидан қатъи назар, масофавий ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқи берилди.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги:

а) 2018 йил 1 октябрга қадар муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасаларида, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассасаларида масофавий ўқитишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни;

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, давлат корхоналари ва устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, устав жамғармаси (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ миқдори давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахсларда фаолият юритувчи давлат харидлари соҳасидаги мутахассисларни мажбурий сертификатлаштириш тўғрисидаги низомни, ушбу мутахассисларни мажбурий сертификатлаштиришни 2019 йил 1 мартдан амалга оширишни назарда тутган ҳолда;

б) 2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда:

Бизнес ва бошқарув олий мактаби уставини, шу жумладан, унинг Васийлик кенгаши таркибини;

Бизнес ва бошқарув олий мактабига ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни;

Бизнес ва бошқарув олий мактаби профессор-ўқитувчилари таркибини танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Мавзуга оид