Жаҳон | 13:56 / 08.09.2018
6820
2 дақиқада ўқилади

Аляскада тўлқинлари баландлиги 200 метрлик улкан цунами излари топилди

Фото: РИА Новости / Максим Блинов

АҚШнинг Вашингтон штати университети олимлари Аляскада тўлқинлари баландлиги 200 метрга етган улкан цунами изларини аниқлашди. Уларнинг тадқиқоти Scientific Reports нашрида чоп этилди.

Таъкидланишича, цунами 2015 йил 17 октябрда Аляскадаги Таан фьорди соҳилларига ёпирилган. Бу ҳудудда одам яшамайди, шу сабабли табиий офат қурбонларга олиб келмаган ва деярли сезилмай қолган.

Цунамига Тиндалл музлиги эриши оқибатида денгизга муз бўлаклари тушиши сабаб бўлган. Бундай цунамилар ҳозирда кўп учрамоқда, чунки музликлар бутун дунё бўйлаб эримоқда. Аляскадаги цунами эса бунинг исботидир, деб айтмоқдалар олимлар.

Олимларнинг таъкидлашича, бугунги кунда бундай цунамилар Гренландия, Норвегия ва Патагония каби ҳудуд ва давлатларга хавф солади.

Цунами излари Аляска соҳилларидаги дарахтлар, тошлар ва тупроқ қолдиқлари эвазига аниқланди. Олимларнинг баҳолашича, муз кўчкиси массаси 180 млн тоннагача етган, юз берган цунами эса охирги 100 йил ичида қайд қилинган цунамилар орасида йириклиги бўйича 4-рақамлиси бўлган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид