Алишер Усмонов 65 ёшини нишонламоқда
9 сентябрь куни асли ўзбекистонлик "USM Holding" акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари, Россиядаги металлургия заводи, "Коммерсант" газетаси каби қатор корхоналар эгаси, Forbes'нинг энг бадавлат кишилар рейтингида 31-ўринда қайд этилувчи Алишер Усмонов ўзининг 65 ёшини қаршилади. У дунёда биринчи бўлиб Интернетнинг тижорий салоҳиятини кўра билган ва аксарият миллиардерлардан фарқли ўлароқ, ўз шахси атрофида ортиқча шов-шувларсиз хайрия ва меценатликка 2 миллиард доллар киритган.
Усмоновнинг лойиҳалари
Усмонов фонди тарихида бундай лойиҳалар талайгина. У Россия санъат усталарининг кўплаб асарларини бошқа мамлакатлардан ортга қайтарган. РФ президенти Владимир Путин ва Папа Франциск ташаббуси айнан Алишер Усмонов томонидан молиявий қўллаб-қувватланган. Рафаэль, Караваджо, Беллини асарларини Россияга қайтари, уларни суғурталаш - барча-барчаси Усмоновнинг саъй-ҳаракатлари асосида амалга оширилган.
Бундан ташқари, Алишер Усмоновнинг фонди кўзи ожиз болалар ва ўсмирларни қўллаб-қувватловчи дастурларни амалга оширади: турли шаҳарлардаги мослаштирилган театрлаштирилган томошаларни ташкил қилиш, шунингдек реабилитацион имкониятлар шулар жумласидандир. Россия ва хорижлик офтальмологларнинг "Бионик кўз" номли қўшма лойиҳаси эса кўришни орзу қилаётган қанчадан-қанча болаларга кўриш қобилиятини қайтарди.
Бундан ташқари, Алишер Усмонов 2014 йилда Christie's кимошди савдосида америкалик олим Жеймс Уотсоннинг Нобель медалини сотиб олиб, уни Россия Фанлар академиясига мукофотни эгасига қайтаришлари учун топширган. Уотсон молиявий эҳтиёжлари сабаб медални сотишга мажбур бўлганди.
Волга (Россия)даги ислом таълими маркази - Татаристондаги энг янги Ислом академияси бюджетининг ярми Усмоновнинг молиявий маблағлари томонидан қўллаб-қувватланади. Шу боис Алишер Усмонов бир неча марта юксак мукофотлар билан тақдирланган.
Миллиардернинг "Санъат, илм-фан ва спорт" фонди спорт клублари ва федерациялари, ёш спортчилар ва тажрибали атлетларни қўллаб-қувватлайди. Алишер Усмоновнинг ўзи ҳам спорт устаси бўлиб, бугунги кунда Халқаро қиличбозлик федерациясининг президенти ҳисобланади. Айнан қиличбозликка бўлган қизиқиш туфайли у Тошкентдаги спорт саройларидан бирида ўзининг бўлғуси турмуш ўртоғи бадиий гимнастика бўйича ажойиб чемпионларнинг мураббийи Ирина Винер билан танишган.
Таъкидлаш жоизки, Усмонов бугунга келиб Ўзбекистонда спортнинг ривожланиши учун ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Яқинда берилган маълумотларга кўра, Алишер Усмонов Тошкентнинг "Пахтакор" клубини ўз васийлигига олган. Унинг шарофати билан деярли барча нарса – менежмент, мураббийлар, жамоа фалсафаси ўзгармоқда.
Ўзбекистон ва эътироф
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Алишер Усмоновнинг ватан равнақига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолайди. "Алишер Бурхонович мамлакатимиз минтақаларини ривожлантириш, туристик инфратузилмалар, маданий-тарихий меросни сақлаш, шунингдек таълим ва спортга доир лойиҳаларни фаол қўллаб-қувватлайди. Қутлуғ ўзбек заминида туғилган Алишер Усмонов ҳеч қачон ўзининг тарихий илдизлари ҳақида унутмаган, бугунги кунда у Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши учун катта ҳисса қўшмоқда. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда у катта эҳтиром ва нуфузга эга", - деди Шавкат Мирзиёев.
31 август куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта чет элликларга Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросимда Алишер Усмонов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Шундан сўнг Алишер Усмонов нутқ билан чиқиш қилди:
«Албатта, бугунги кун менинг ҳаётимда жуда улуғ ва ҳаяжонли бўлди, чунки давлат раҳбари бугун мени мана шундай юксак нишон билан тақдирлади. Ўз миннатдорчилигимни билдириш мумкин бўлган сўзни топишга ожизман. Бугун менинг ҳаётимдаги қийинчиликлар, армонлар, умидлар юзага чиқяпти. Фақат менинг ҳаётим эмас, балки бутун ўзбек халқининг умиди бугун сизнинг қўлингизга топширилган, - деди Усмонов Шавкат Мирзиёевга юзланиб. - Албатта, ҳар бир ўзбек ўғлининг бугунги мажбурияти — қўлидан келганча, қўлидан келишидан ҳам кўпроқ ёнингизда бўлиш. Албатта, бу йўл жуда қийин ва осон кечмайди. Ишончим комилки, халқ бундай раҳбар бошчилигида албатта ўз режаларига етади. Мен ўзим учун, мана шу режаларга етишиш учун қилинган ҳар бир ҳаракатимни ҳаётимнинг мазмуни деб билмоқчиман. Сизга яна бир бор катта миннатдорчилик, ўзингизга сиҳат-саломатлик, куч, халқимизга тинчлик, фаровон ҳаёт ва, албатта, иқтисодий бойлик тилайман», - деди Алишер Усмонов.
У ўз интервьюларида доим ўзбек эканлигидан фахрланиши ҳақида кўп марта айтган: "Ўзбекистон менинг она юртим эканлигидан фахрланаман. Ўзбекистон учун, Ўзбекистон раҳбарияти учун қандай фойдам тегиши мумкин бўлса, барчасини қилишга тайёрман. Ҳар доим ва исталган дақиқада".
Ҳамкорлар табриги
Алишер Усмоновнинг юбилейи муносабати билан унинг қадрдон дўсти, қиличбоз, Халқаро Олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах табрик йўллади.
"Агар одамлардан сўрасангиз, бир мен эмас, балки бутун қиличбозлар оиласи ундан спортнинг бу турини тарғиб қилиш йўлида янги мусобақа турларини жорий қилиш, ОАВда кенг тарғибот билан таъминлаш, баъзи қоидаларга ўзгаришлар киритиш, энг яхши тақдимотларни ўтказиш орқали бераётган ёрдамидан миннатдор. Бу ҳақиқатда катта иш. Таваллуд айём муборак, дўстим Алишер!", - дейди Томас Бах.
Алишер Усмоновнинг ўзи иқтисодий ҳамкорлик ҳақида шундай дейди: "Барча билан эзгу иқтисодий ҳамкор бўлиш керак, шунда биз ўз марказларига эга кўп қутбли дунёда яшаймиз. Улардан бири - албатта, Америка Қўшма Штатлари, иккинчиси, қатъий айтиш мумкинки - Хитой Халқ Республикаси, учинчиси - Европа Иттифоқи. Бироқ шу билан бирга Лотин Америкаси ва Осиё-Тинч океани минтақалари ҳам бор. Бу кучларни глобал мувофиқлаштириш - ҳисоблашиш керак бўлган реаллик демакдир".
Дарвоқе, Алишер Усмоновнинг иш хонасида онасининг сурати осиғлиқ туради. Шубҳасиз, у ўзининг ҳамкасб замондошларидан ажралиб туради.
Сўнгги кунларда
Telegram мессенжеридаги AviaSpotter канали маълумотларига кўра, сўнгги кунларда Тошкент халқаро аэропортига жаҳоннинг турли бадавлат ҳамда машҳур кишиларига тегишли шахсий ва тижорий авиақурилмалар қатнови фаоллашган. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда таниқли санъат намоёндаларининг Тошкентга ташриф буюраётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу Алишер Усмоновнинг 9 сентябрь куни Тошкентда нишонланадиган таваллуд куни билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024