Спорт | 17:00 / 09.09.2018
7789
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мустақиллигига бағишланган веломарафон ўтказилди

9 сентябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 27 йиллиги байрами муносабати билан барча ҳудудларнинг марказий кўчаларида 10 км масофадан иборат бўлган «Мустақиллик марафони — 2018» бўлиб ўтди.

Унда ўқувчилар, талабалар, ўта-оналар ва ёш оилалар, фахрийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Марафон ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўзаро маданий-спорт алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни ёшларнинг кундалик турмуш тарзига киритиш, шунингдек, соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида ташкил этилди.

Ёшларнинг билдирган таклиф ва ташаббусларига асосан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу марафонда махсус веб-сайти – www.marafon.yi.uz сайтида рўйхатдан ўтган 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган кўнгилли ёшлар ҳамда фахрийлар иштирок этди.

Марафон маҳаллалардаги ёшлар, таълим муассасаларида таҳсил олаётган 16-30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ҳамда фахрий кўнгиллилар ўртасида енгил атлетика спорт тури бўйича ўтказиладиган югуриш қоидаларига мувофиқ ўтказилди.

Эркаклар ўртасидаги югуришда Владислав Мамедов биринчи бўлиб маррага етиб келди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Мирсаид Бухаров ҳамда Ҳумоюн Маҳмудов эгаллади.

Аёллар ўртасидаги ғолиблар учлиги Марина Хмелевская, Нурхон Муҳиддинова ҳамда Кумила Қўчқоровадан иборат бўлди.

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид