Ўзбекистон | 08:49 / 10.09.2018
9695
7 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулк ижараси шартномалари ДСХ органларида мажбурий ҳисобга қўйилади

Фото: Dreamstime

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Давлат солиқ қўмитасининг “Кўчмас мулк ижараси шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан кўчмас мулк ижараси шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, Давлат солиқ хизмати органларида кўчмас мулк ижараси шартномаларини мажбурий ҳисобга қўйиш “Кўчмас мулк ижараси шартномасининг намунавий шакли” асосида амалга оширилади.

Ижарага берувчи ва олувчи томонларнинг келишувига асосан кўчмас мулк ижараси шартномасига “Уй-рўзғор буюмларини топшириш-қабул қилиш ва коммунал тўловлар учун ўрнатилган ўлчов асбобларининг кўрсаткичларини қайд қилиш далолатномаси” илова қилиниши мумкин.

Ижарага берувчи ёки унинг вакили кўчмас мулк ижараси шартномасини шартнома тузилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай давлат солиқ хизмати органида ҳисобга қўйиши шарт.

Ижара шартномаси ойлик ижара тўлови суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам меъёрлардан оз миқдорда тузилишига йўл қўйилмайди.

Кўчмас мулк ижараси шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш бепул асосда амалга оширилади.

Давлат солиқ хизмати органи қуйидаги ҳолларда кўчмас мулкни ижарага бериш шартномасини ҳисобга қўйишни рад этади:

шартнома қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса;

ваколати бўлмаган вакил ижара шартномасини ҳисобга қўйишни сўраб мурожаат этган бўлса;

шартномани ҳисобга қўйиш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Кўчмас мулк ижараси шартномасини мажбурий ҳисобга қўйиш учун давлат солиқ хизмати органига тақдим этиладиган кўчмас мулк ижараси шартномаси ва уни ҳисобга қўйиш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар ушбу Низом ва амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ расмийлаштирилган бўлиши шарт.

Ваколати бўлмаган вакилнинг мурожаати асосида кўчмас мулк ижараси шартномасини давлат солиқ хизмати органида мажбурий ҳисобга қўйишга йўл қўйилмайди.

Ижарага берувчи ёки унинг вакили кўчмас мулк ижараси шартномасини ҳисобга қўйиш учун доимий яшаш манзили ёки кўчмас мулк жойлашган жойидан қатъий назар, исталган давлат солиқ хизмати органига 3-иловага мувофиқ сўровнома тақдим этади.

Давлат солиқ хизмати органи кўчмас мулк ижараси шартномасини мажбурий ҳисобга қўйишда белгиланган шаклда тўлдирилган сўровномадан ташқари ижарага берувчи ёки унинг вакилидан шахсни тасдиқловчи ҳужжат, кўчмас мулк ижараси шартномаси ва кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилдини талаб қилади.

Бунда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда кўчмас мулкнинг умумий майдони ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган тегишли ҳужжатлардан нусха олиниб, кадастр йиғмажилдининг асли қайтариб берилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган талабга жавоб берган тақдирда, кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат солиқ хизмати органи томонидан бир иш кунида ҳисобга қўйилади ва белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланади.

Давлат солиқ хизмати органи томонидан сўровнома берувчига кўчмас мулк ижараси шартномаси ҳисобга қўйилганлиги ҳақида ахборот тизими орқали 4-иловага мувофиқ QR-кодли билдиришнома тақдим этилади. Билдиришнома PDF (portable document format) форматида шакллантирилади.

Билдиришноманинг ҳақиқийлигини аниқлаш учун QR-кодни махсус мослама орқали текшириб кўрилади. QR-коди текширилганда шартнома электрон вариантининг XML форматига ҳавола шаклланади.

Кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат солиқ хизмати органида ҳисобга қўйилгандан сўнг, жорий йил учун ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш ҳақидаги тўлов хабарномаси ижарага берувчи (ёки унинг вакили)га тақдим этилади ва унинг шахсий кабинетига бир иш кунида юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ҳудудий бўлинмалари томонидан фуқароларни турган жойи бўйича вақтинча ҳисобга қўйишда, шунингдек фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторлари томонидан маҳалла ҳудудида ижарада турувчи фуқаролардан кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги талаб этилиши лозим.

Давлат солиқ хизмати органи ижара шартномасини солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўймасдан (ёки ижара шартномасини бекор қилган ҳолда) кўчмас мулкни ижарага берган фуқароларни қўшимча аниқлашда Интернет тармоғидаги ижтимоий сайтларнинг шу соҳадаги рекламалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш ва ички ишлар органларидан электрон ахборот алмашинуви орқали келиб тушган маълумотлардан фойдаланади.

Бунда давлат солиқ хизмати органи Интернет тармоғидаги ижтимоий сайтлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш ва ички ишлар органларининг маълумотлари асосида кўчмас мулк ижараси шартномасини давлат солиқ хизмати органида ҳисобга қўймасдан (ёки ижара шартномасини бекор қилган ҳолда) ижарага берилган кўчмас мулк объектларида кузатув ишларини амалга оширади.

Кўчмас мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақидаги келишувни ҳисобга қўйиш тарафлар ўзаро ихтиёрий равишда мурожаат қилган тақдирда давлат солиқ хизмати органида, бошқа барча ҳолларда эса суд тартибида амалга оширилади.

Ижарага берувчи ва олувчи ўртасида тузилган кўчмас мулк ижараси шартномасини бекор қилиш 5-иловага мувофиқ намунавий келишув асосида амалга оширилади. Ижарага берувчи ва унинг вакили кўчмас мулк ижараси шартномаси ҳисобга қўйилган давлат солиқ хизмати органига кўчмас мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақидаги келишувни ҳисобга қўйиш ҳақида 6-иловага мувофиқ сўровнома тақдим этади.

Давлат солиқ хизмати органи томонидан сўровнома берувчига кўчмас мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақидаги келишувни ҳисобга қўйилганлиги ҳақида ахборот тизими орқали 4-иловага мувофиқ QR-кодли билдиришнома тақдим этилади.

Билдиришноманинг ҳақиқийлигини аниқлаш учун QR-кодни махсус мослама орқали текшириб кўрилади. QR-коди текширилганда кўчмас мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақидаги келишув электрон вариантининг XML форматига ҳавола шаклланади.

Давлат солиқ хизмати органида сўровномага асосан кўчмас мулк ижараси шартномасини бекор қилинганлиги ҳақида ахборот тизимига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид