Ўзбекистон | 12:06 / 11.09.2018
28226
3 дақиқада ўқилади

Солиқ тизимининг икки муҳим бўғинига янги раҳбарлар тайинланди

Пойтахтда ноқонуний товар айланмаларининг олдини олиш, банкдан ташқари пул муомаласини қисқартириш, бозорлар, савдо комплекслари ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш, шунингдек, солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш орқали маҳаллий бюджет тушумларини ошириш мақсадида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи лавозимига Музаффар Мирзарахимович Абдурахманов тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz’га Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабар берди.

Музаффар Мирзарахимович Абдурахманов

М.Абдурахманов 1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2011 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтини, 2016 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясидан бошлаб, турли лавозимларда фаолият юритган. 2018 йилдан “Тошкент шаҳар Инвестициялар, инновациялар, туризмни ривожлантириш ва хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш бошқармаси” давлат унитар корхонасининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Солиқ тизимидаги ислоҳотлар жараёнининг яна бир муҳим йўналиши бу – соҳа мутахассисларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, солиқ хизмати органларини малакали кадрлар билан таъминлашдир. Хусусан, Тошкент солиқ коллежини замонавий таълим муассасасига айлантириш бўйича ишлаб чиқилган концепцияга мувофиқ, яқин вақтлар ичида ушбу коллеж республикамиздаги замонавий таълим муассасалари қаторидан жой олиши режалаштирилган. Бу йўлда хорижий ва маҳаллий таълим муассасаларининг илғор тажрибасидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, “International House Tashkent” халқаро академик лицейи билан ҳамкорликда замонавий ўқув моделини жорий этиш ва уни амалиёт билан уйғунлаштириш ҳамда пировардида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган.

Фирдавс Хасанович Тиллаев

Шу боис InterHouse халқаро академик лицейида кадрлар тайёрлаш бўйича етарлича билим ва тажриба тўплаган Фирдавс Хасанович Тиллаев Тошкент солиқ коллежи директори этиб тайинланди.

Ф.Тиллаев 1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2009 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган. У саноат тармоқларида турли лавозимларда фаолият олиб борган.

Мавзуга оид