Ўзбекистон | 16:45 / 11.09.2018
13807
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Яккачинор кўчаси номи Якуб Колас номига ўзгартирилди

Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 40-сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 2018 йил 13 августдаги КҚ-394–III-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссияси тузилди.

Шунингдек, сессияда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан "Тошкент шаҳри Миробод туманидаги Яккачинор кўчасига янги ном бериш тўғрисида"ги қарор қабул қилинди. Эндиликда ушбу кўча буюк белорусь шоири Якуб Колас номи билан аталадиган бўлди.

Якуб Колас (1882-1956) янги белорус адабиётининг асосчиларидан бири, жамоат арбоби. 1926 йилда Белоруссия ССР халқ шоири, 1928 йилда Белоруссия ССР фанлар академиясининг академиги, 1944 йилда Белоруссия ССР фахрий олими унвонлари билан тақдирланган. 

Сессия ишида Ҳиндистон-Ўзбекистон давлатларининг ўзаро ҳамдўстлигини мустаҳкамлаш, Тошкент шаҳри аҳолиси ва маъмурияти олдидаги сиёсат, фан, маданият, спорт, ёшларни тарбиялаш ва ривожлантириш, Тошкент ва Деҳли шаҳарлари дўстлигини ривожлантириш борасида юксак хизматларини инобатга олиб, Ҳиндистон-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси Анил Кумар Шастрига “Тошкент шаҳар Фахрий фуқароси” унвонини бериш тўғрисидаги қарор тасдиқланди. 

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Шу билан бирга, айрим депутатларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан бўшаб қолган сайлов округлар учун депутатлар сайлови 2018 йил 14 октябрь, якшанба куни қилиб белгиланди.  

Мавзуга оид