Жаҳон | 11:08 / 11.09.2018
22751
2 дақиқада ўқилади

Узоқ Шарқда Россия тарихидаги энг катта ҳарбий машқлар бошланди

Фото: tvzvezda

Узоқ Шарқда «Восток-2018» ҳарбий машқлари бошланди, у замонавий Россия тарихидаги энг йирик машқларга айланади. Бу ҳақда РИА «Новости» Россия Мудофаа вазирлигининг Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментига таяниб хабар бермоқда.

«Восток-2018» қўшинларнинг ҳарбий машғулотлари Россиянинг Узоқ Шарқида бошланди», - дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.

Машқлар 11-17 сентябрь кунлари Россиянинг Узоқ Шарқида ва Тинч океанига қўшни сувларда ушбу мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгу раҳбарлигида ўтказилади. Таъкидланишича, улар сўнгги 37 йил ичидаги энг катта ҳарбий машқлар бўлади. Уларда жами 300 минг ҳарбий, ўн минглаб зирҳли машиналар, вертолётлар, самолётлар ва учувчисиз учар қурилмалар қатнашади. Шунингдек, Мўғулистон ва Хитойдан келган ҳарбийлар машқларга қўшилиши кутилмоқда.

Мудофаа вазирлигидан хабар беришларича, «Восток-2018»да Россия мудофаасини таъминлаш учун қўшин гуруҳларининг турли усуллари ишлаб чиқилади. Россия ҳарбий маҳкамасидан аниқлик киритишларича, машқлар узоқ масофаларда қўшинларнинг қайта гуруҳланишини режалаштириш ва амалга оширишда ҳарбий бошқарув органлари тайёргарлигини текшириш учун зарурдир. Шунингдек, машқларда қуруқлик гуруҳлари билан ҳарбий-денгиз кучлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ташкил этишга эътибор қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин «бутун дунёга кучли сигнал» бўлган машқларга бориши хабар берилганди.

Мавзуга оид