Ўзбекистон | 09:54 / 12.09.2018
6277
4 дақиқада ўқилади

Рухсат этилмаган жойларга чиқиндилар ташлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувдан оқилона фойдаланиш, сув муҳофаза зоналари тартибига риоя этишни таъминлаш, мазкур соҳада юридик ва жисмоний шахсларнинг масъулиятини оширишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Фото: parliament.gov.uz

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, мутасадди ташкилотлар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Соҳада олиб борилган мониторинги натижалари кўрсатишича, аҳоли пунктлари ҳудудларида санитар ва экологик ҳолат ёмонлашувининг сабабларидан бири чиқиндиларни майдонлар, кўчалар, суғориш тармоқлари ичига, сув муҳофаза зоналарига, дарё бўйларига, аҳолининг маданий-маиший дам олиш ҳудудларига ташланиши билан боғлиқ. 2018 йил 1 июнь ҳолатига кўра, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ноқонуний ташлаш бўйича 13,1 мингта (2017 йилда – 6,3 мингта) ҳолат аниқланган.

Амалдаги қонунчиликда рухсат этилмаган жойларга чиқиндиларни ташлаганлик учун шахсларни жавобгарликка тортиш механизми мавжуд эмаслиги боис, «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонунга фуқаролар томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойларга жойлаштириш ва чиқариб ташлашни тақиқловчи норма киритиш муҳим аҳамиятга эгалигини давр тақозо этмоқда. Юридик шахсларга аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига, йўл чеккаларига, йўлларнинг қатнов қисмига қурилиш ва маиший чиқиндиларни ташланишини ва жойлаштирилишини олдини олиш мажбуриятларини белгилаш ҳам лозим. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга рухсат этилмаган жойларга қаттиқ маиший ва қурилиш чиқиндиларни ташлаш, суюқ чиқиндиларни тўкканлик учун жавобгарликни оширишни назарда тутувчи норма киритилиши ҳам муайян натижа бериши мумкин. Бу борада, айниқса, аҳолининг экологик-ҳуқуқий билимини бойитиш, масъулиятини ошириш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш муҳим масалалардан ҳисобланади.

«Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддасига асосан, сувни муҳофаза қилиш зоналарининг, соҳилбўйи минтақаларининг, сув объектлари санитария муҳофазаси зоналарининг ҳамда ерусти ва ерости сувлари ҳосил бўлиш зоналарининг режими, яъни соҳилбўйи минтақаларида сув хўжалиги объектларини қуришдан ташқари, ҳар қандай турдаги қурилиш тақиқланган. Лекин жойларда қонуннинг мазкур талабига риоя этмаган ҳолда сув муҳофаза минтақаларида яшаш учун мўлжалланган бинолар ва умумий овқатланиш объектлари ва бошқа қурилишлар амалга оширилган, ҳозирги кунда ҳам қурилиш ишлари давом этмоқда.

Қирғоқ бўйида жойлашган, ўзбошимчалик билан қурилган объект ва иншоотлардан дарё ва сой ўзанларига маиший ва бошқа чиқиндилар, шу жумладан оқова сувлар ташланмоқда. Бунинг оқибатида, бевосита инсон ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга хавф туғилмоқда. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, биргина Ғиждувон туманидан оқиб ўтувчи Пермас, Қалқонрўд каналлари ва Мавланиён коллекторлари сув муҳофаза зоналарида аҳоли ва ташкилотлар томонидан 50дан ортиқ уй-жой, овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа объектлар бунёд этилган.

Тадбирда сув муҳофаза зоналарида бу каби ноқонуний қурилмалар қурилишининг олдини олиш, аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини амалга ошириш сув ресурслари муҳофаза қилишга, ҳудудларда санитар ҳолатни янада яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбирда, шунингдек, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ундан тежамкорлик билан фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид