Спорт | 18:10 / 16.09.2018
3471
2 дақиқада ўқилади

«Зенит» Россия чемпионати пешқадамига айланиб олди

Фото: Зенит ФК

«Зенит» Россия чемпионатининг 7-турида «Оренбург» устидан ғалабага эришди. Оренбургдаги «Газовик» стадионида кечган учрашув меҳмонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйиннинг 14-дақиқасида Леандро Паредеснинг қанотдан узатиб берган тўпини Александр Ерохин боши билан дарвозага жойлади. Биринчи бўлим охирида Артём Дзюба Ерохинни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқарди ва у имкониятдан унумли фойдаланди.

Ўйиннинг иккинчи бўлими бошида «Оренбург» битта жавоб голини уришга муваффақ бўлди. «Зенит» жарима майдонида тўп Адесойе Ойеволега келиб тушди ва у осонлик билан Андрей Лунёвни доғда қолдирди.

«Зенит» сафида жамоанинг янги ҳимоячиси Клаудио Маркизио иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушди ва Россия чемпионатидаги дебютини амалга оширди.

«Зенит» эндиликда 7 ўйинда 6 ғалабага эришиб, очколари сонини 19тага етказган ҳолда РПЛ турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда, «Оренбург» 10 очко билан — 8-ўринда жойлашган.

Россия чемпионати
7-тур
Оренбург – Зенит 1:2 (0:2, 1:0)

Голлар: 0:1 – 14 Ерохин, 0:2 – 45 Ерохин, 1:2 – 48 Ойеволе.
Оренбург – Фролов, Ойеволе, Бегич, Андреев, Терехов, Мишкич, Попович (Рикарду Алвеш, 71), Афонин, Малых, Деспотович (Козлов, 76), Сутормин (Чуканов, 85).
Зенит – Лунев, Нету, Иванович, Смольников, Набиуллин (Анюков, 61), Кузяев, Паредес (Маркизио, 71), Ерохин, Шатов (Эрнани, 84), Дзюба, Дриусси.
Огоҳлантиришлар: Мишкич (41), Смольников (50), Нету (53).

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид