Жамият | 13:42 / 17.09.2018
16324
5 дақиқада ўқилади

Маҳалла нозирининг фуқарога газ баллони бермасликдан манфаати нимада эди?

Куз-қиш мавсуми яқинлашиб келиши билан табиий газга бўлган эҳтиёж ортади. Ҳар ким иссиқ жон, қишнинг қировли кунларида қийналишни истамайди. Ва бу табиий ҳолат, албатта. Сўнгги йилларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилган адолатли сиёсат натижасида мамлакатнинг кўплаб ҳудудлари газлаштирилди. Табиий газ қувури етиб бормаган жойларга эса суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш тизими йўлга қўйилди ва у тартибга солинди. 

Бироқ айрим ҳудудларда замонавий ислоҳотларнинг асл моҳиятига тушунмасликданми ёки менсимасликданми суюлтирилган газ баллонлари тарқатишда адолатсизлик ва эътиборсизлик юзага чиқаётгани маълум бўлмоқда. Буни KUN.UZ таҳририятига етиб келган қуйидаги мурожаатда ҳам кўриш мумкин. Жумладан, унда шундай дейилади:

“Ассалому алайкум. Мен Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, “Тошгузар” маҳалласида истиқомат қиламан. Маҳалламизда рўй бераётган ноҳақликларнинг барҳам топишида сизлардан ёрдам сўрамоқчиман. Мана, куз фасли ҳам кириб келди, кўз очиб юмгунча қишнинг қаҳратон кунлари бошланади. Шу боис газ баллонларига бўлган эҳтиёж ортади. Маҳалламизда газ баллонлари тарқатишда таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликка йўл қўйилмоқда. Оддий, эҳтиёжи бор инсонлар газ баллонларисиз қолиб кетмоқда. Бунинг сабабини сўрасак, айтишмайди, билган жойингга бор деб дўқ уришади”.

Мурожаатчи – Маҳмуд Очиловнинг маълум қилишича, газ баллон учун ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳужжат топширилган, ҳатто тўлови ҳам қилинган. Аммо газ баллони унга берилмаган, сабабини ҳужжатлари йўқолган, деб изоҳлашган. Шундан сўнг жорий йилнинг июль ойида яна қайтадан ҳужжат қилинади, тўловлар амалга оширилади. Аммо яна мавҳумлик ичида қолади.

- Менга ҳеч ким вазият юзасидан тушунтириш бермади. Сўрасам, мавҳум жавоблар, қўпол оҳангда гапиришлар. Ўзим мавсумий ишда ишлайман. Қачон, қаерда қора меҳнат чиқса, тирикчилик учун ўша ерда хизматда бўламан. Одам шунча эзилиб ишласа-ю, эл қатори газ баллонли бўлолмасам, рўзғоримни бутлай олмасам. Бу одамнинг устидан кулиш, унинг ғурурини топташ эмасми?.. – дейди М.Очилов.

Биз вазият билан яқиндан танишиш мақсадида “Тошгузар” маҳалласига ташриф буюрдик. Мурожаатчига ҳақиқатан ҳам суюлтирилган газ баллони берилмагани маълум бўлди. Ушбу маҳаллага газ баллон тарқатиш билан шуғулланувчи нозир Дилмурод Хўжановдан фуқаронинг газ баллон сўраб, тайёрлаган ҳужжати бор-йўқлигини сўрадик. Д.Хўжанов ҳужжатлар мавжудлигини айтди ва бир зум вақт ўтиб, уларни бизга етказиб берди. ҳужжат ҳақиқатан ҳам сентябрь ойида қилинган, аммо нозир фуқарога “ҳужжатларинг йўқолган, шу боис газ баллон оломайсан”, дегани тушунарсиз. Унинг бундай дейишидан бирор манфаати бормикан, ойлаб топилмай ётган ҳужжат бир пасда топила қолди... 

- Газ баллонларини аҳолига тарқатишда, аввало, кам таъминланган, шароити оғир, боқувчиси йўқ хонадонлар танланади. Бу ишда бизга маҳалла раислари кўмак беради. Мурожаатда тилга олинган “Тошгузар” маҳалласига 2017-2018 йиллар давомида 491 дона газ баллони тарқатилган. Айни кунларда яна рўйхат шакллантирилмоқда, аризалар қабул қилинмоқда. Ўтган вақт давомида рўйхатга кирмай қолган хонадонларга бу мавсум, албатта, газ баллонлари етказилади, - деди биз билан суҳбатда Ғузор туман газ участкаси бошлиғи О.Бердиев.

Шу куни, яъни 13 сентябрда Маҳмуд Очиловнинг эҳтиёжи қондирилди. Энди у ҳам бошқалар қатори, ҳар томонлама қулай бўлган суюлтирилган газ баллонидан фойдаланади. Рўзғоридан хотиржам, ўз тирикчилиги билан машғул бўлади. Давлат раҳбари кўп бора таъкидлаганидек, айтилаётган сўзлар, берилаётган ваъдалар амалда ўз ифодасини топмаса, олиб борилаётган ислоҳотларга ҳеч ким ишонмайди. Шундай экан, ҳар бир сўз ўз амали билан бўлса, бундан давлат ҳам, фуқаро ҳам манфаат топади.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид