Ўзбекистон АЭС қурилишида МАГАТЭ тавсияларига риоя қилинишини билдирди
Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош конференциясининг 62-йиллик сессиясида иштирок этмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Сессия 17-21 сентябрь кунлари Вена шаҳрида бўлиб ўтади.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон томони бош конференция қатнашчиларини шу йилнинг 7 сентябрь куни Москвада Ўзбекистон ва Россия ўртасида республика ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзолангани ҳамда бу йўналишдаги ишлар бошлангани ҳақида хабардор қилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари лойиҳани амалга оширишда МАГАТЭ тавсиялари ва ушбу соҳадаги халқаро меъёр ва қоидаларга қатъий риоя қилиниши таъминланишини билдирди.
Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонасининг хабар қилишича, МАГАТЭ бош конференциясининг 62-йиллик сессиясида иштироки доирасида Ўзбекистон делегацияси МАГАТЭ раҳбарияти ва бошқа давлатлар ҳамда компаниялар вакиллари билан атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича музокаралар ўтказишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда атом электр станциясини қуриш бўйича келишувга эришилган бўлиб, мазкур комплекс 2та энергоблокдан иборат, ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 мегаватт бўлади. Атом электр станцияси учун дунёдаги энг хавфсиз ва замонавий эгергоблок танлаб олинган. Уни 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган.
Мавзуга оид
23:14 / 19.11.2024
Эрон уранни бойитишни тўхтатишга тайёрлигини билдирди — ОАВ
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024