Жаҳон | 18:29 / 28.05.2026
2709
2 дақиқада ўқилади

Путин ва Тўқаев Қозоғистонда биринчи АЭС қуриш бўйича келишувни имзолади

Россия президенти Владимир Путиннинг Остонага давлат ташрифи чоғида Россия ва Қозоғистон ўртасида республикада биринчи атом электр станциясини (АЭС) қуриш бўйича ҳамкорликнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги битим имзоланди.

Фото: kremlin.ru

ТАСС хабарига кўра, ҳужжат лойиҳанинг асосий параметрларини мустаҳкамлайди ва қурилишни Россия давлат экспорт кредити ҳисобидан молиялаштиришни назарда тутади. Станцияни ишга тушириш 2035 йилга мўлжалланган, шу билан бирга Қозоғистон 2,4 гигаватт қувватга эришишни кутмоқда.

2024 йил октябрь ойида Қозоғистон АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказди ва 2025 йил июнь ойида «Росатом» корпорациясини халқаро қурувчилар консорциумининг етакчиси сифатида танлади. Шундан сўнг август ойида икки давлат мутахассислари бўлажак станциянинг Улкен қишлоғидаги майдонида муҳандислик тадқиқотини бошлади.

Қозоғистон қурилиш жойи сифатида Алмати вилоятидаги Балхаш кўли яқинидаги ҳудудни белгилади.

Қозоғистон 1999 йилда Каспий денгизи қирғоғида BN-350 реактори тўхтатилганидан бери ядровий энергия ишлаб чиқариш қувватига эга эмас эди. Лойиҳа танқидчилари Россия технологиялари ва мутахассислари иштирокида қурилиш республиканинг Россияга энергия қарамлигини кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Экологлар, ўз навбатида, станциянинг Балхаш экотизимига эҳтимолий таъсиридан хавотирда.

Бу Путиннинг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан музокараларини ўз ичига олган жорий ташриф давомида имзоланган 16 ҳужжатдан биридир. Икки томонлама ҳамкорликдан ташқари, томонлар эртага Остонада ўтказилиши режалаштирилган Евроосиё иқтисодий форумининг кун тартибини муҳокама қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид