Иқтисодиёт | 14:07 / 20.09.2018
16739
5 дақиқада ўқилади

Аччиқ қалампир етиштириш ва унинг экспорти Қашқадарё мисолида ўзини оқлади 

Бугунги кунда Ўзбекистонда аччиқ қалампир етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бежизга эмас, чунки жаҳон бозорида бу маҳсулотга бўлган талаб катта. Мутахассисларнинг фикрича, аччиқ қалампир сердаромад соҳа, ер танламайди, кўп меҳнат талаб қилмайди. Хориж тажрибаси асосида вақтида сув бериб, озиқлантириб борилса, гектаридан 20 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Энг муҳими, жаҳон бозорида харидоргир.

Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда сердаромад, экспортбоп бўлган аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Бунинг самараси ўлароқ 2018 йил 27 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори чиқди.

Фото: Chili Spice

Хўш, қисқа давр ичида бу соҳада нималарга эришилди? Кўзланган мақсад ва режаларга эришилдими? Айни кунларда Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида экспортбоп аччиқ қалампир етиштириб, илк тайёр маҳсулотларни Chili Spice бренди остида Араб ва Европа давлатлари ҳамда Россияга жўнатаётган BIG AGRO компаниясининг Экспортни ривожлантириш департаменти бошлиғи Бобур Абдумавлянов шулар ҳақида гапириб берди.

- Давлатимиз раҳбари томонидан берилган кенг имкониятлар аграр соҳани ҳам четлаб ўтмади. Ҳақиқатан ҳам талаб юқори бўлган қалампир етиштиришда бугун изчил ва шу билан бирга жуда катта ишлар қилиняпти. Буни Қашқадарёнинг Миришкор туманида фаолият юритаётган BIG AGRO компанияси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Баҳор ойида қалампир уруғини Ҳиндистондан олиб келиб экдик. Шу давлатдан ташриф буюрган мутахассислар бизга ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ёрдам беришди. Айни кунларда ҳосилни йиғиб олиш ва уни қайта ишлаш жараёнлари кетмоқда.

Фото: Chili Spice
Фото: Chili Spice

Бобур Абдумавлянов қалампир экспорти, харидор топиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

- Ҳар қандай маҳсулотни хорижга экспорт қилиш осон иш эмас. Аввало, сифат ва бозордаги рақобатга эътибор қаратиш керак. BIG AGRO компанияси томонидан Chili Spice бренди остида тайёрланаётган маҳсулотларимизнинг сифатига қаттиқ эътибор қаратганмиз ва унга инновацион ёндашганмиз. Шу билан бирга биз етиштирган навга жаҳон бозорида талаб юқори.

Бугун қалампир етиштирганлар орасида турли гаплар юрибди. Яъники, айрим компаниялар деҳқон ва фермерлардан қалампир олмаётгани, етиштирилган қалампирлар эгасиз, сотилмай қолаётгани ҳақида эшитдик. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим жоизки, BIG AGRO компанияси Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида Ҳиндистондан келтирилган Каян навли қалампир етиштирилган бўлса, уларнинг барчасини нес-нобуд қилмасдан сотиб олишга ва экспорт қилишга тайёр.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, айрим компаниялар ўз муваффақиятсизликларига банклар томонидан зарур маблағлар керакли вақтда ажратилмаганини келтиришган. Биз, масалан, “Агробанк” билан ишлаган бўлсак, бирор марта ҳам қийинчиликка ёки бирор бир тушунарсиз ҳолатга учрамадик.   

Фото: Chili Spice

Мен қайсидир бир рақобатчи компаниянинг ишини таҳлил қилишни, уни танқид этишни истамайман. Айтмоқчи бўлганим шуки, дунё бозорининг аччиқ қалампирга бўлган йиллик эҳтиёжи 33 миллион тоннани ташкил этади. Ўзбекистон бу йил 200 минг тонна ҳосил олишни режалаштирган. Шундан 50 минг тонна қуритилган қалампир чиқади. Бу рақамлар дунё эҳтиёжи олдида жуда кам. Айтмоқчи бўлганим, қалампир етиштиришни янада кенгайтириш, бу йўналишда олиб борилаётган ишларга юракдан ёндашиш, фермер ва деҳқонларнинг ишончини суиистеъмол қилмаслик, қалампир экспорт қилувчи компаниялар бу йўлда бирлашиб, ҳалол ишлаши лозим. Ана шунда жуда катта марраларга етишимиз мумкин, - деди Б. Абдумавлянов.

Фото: Chili Spice

Маълумот ўрнида: BIG AGRO LEGUMES компанияси «Brand Investment Group» компаниялар гуруҳининг Қашқадарёдаги шўъба корхонаси ҳисобланади. Айни дамда компания вилоятнинг Миришкор тумани ҳудудида Ҳиндистоннинг Каян гибридли навини етиштирмоқда ва уни экспортга тайёрламоқда. Ушбу нав дунё бозорида энг харидоргир аччиқ қалампир ҳисобланади. Бобур Абдумавлянов таъкидлаганидек, бугун компания Ўзбекистонда Каян навли қалампир етиштирган барча деҳқон ва фермерлардан маҳсулотларини сотиб олишга тайёр. Бунинг учун Телеграмда махсус канал ва бот ҳам ташкил этилган. Ушбу канал ва бот орқали барча саволларга жавоб олиш ва қўшимча маълумотлар билан танишиш мумкин. Шу ўринда компания қалампир етиштиришдаги қўшаётган ҳиссалари учун Миришкор тумани ҳокими Р.Комилов ва сектор раҳбарларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ
мухбири

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид