Спорт | 14:38 / 20.09.2018
14001
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон терма жамоаси ФИФА рейтингида қулашда давом этмоқда

Бугун, 20 сенябрь куни ФИФА терма жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси олдинги ўрнидан 1 поғона пастлаб, 1245 балл билан 96-ўринда қайд этилган. Бундан аввал 7 июнь ва 16 август саналарида эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон 95-ўринда кўрсатилган эди.

ФИФА рейтингининг янги талқинида Франция яққол етакчиликни бой берган. Бельгия терма жамоаси очколар ҳисобида французларга етиб олди. Шу ва ўтган сафар 9-ўринни бўлишиб турган Испания ва Дания термалари 9-10 поғоналарни банд этганидан ташқари кучли ўнликда бошқа ўзгариш кузатилмаган.

ФИФА рейтинги
1. Бельгия (+1) - 1729.25 очко
1. Франция - 1729.12
3. Бразилия - 1663
4. Хорватия - 1634
5. Уругвай - 1632
6. Англия - 1612
7. Португалия - 1602
8. Швейцария - 1598
9. Испания - 1597
10. Дания (-1) - 1581
11. Аргентина, 12. Чили, 12. Германия, 14. Колумбия, 15. Швеция, 15. Мексика, 17. Нидерландия, 18. Польша, 19. Уэльс, 20. Италия.

МДҲ терма жамоаларидан 8 таси юзликка киритилган:
29. Украина (+6)
46. Россия (+3)
80. Белорусь (-2)
91. Қирғизистон (+1)
93. Грузия (3)
96. ЎЗБЕКИСТОН (-1)
98. Эстония (-4)
100. Арманистон (0)

Осиё жамоалари рейтингидаги юқори ўнлик ўзгармай қолган. ОФК вакиллари ичида Ўзбекистон ўтган ойлардаги 13-ўринни бой бериб, 14-поғонага тушиб қолди. Октябрь ойида Тошкентда меҳмон бўладиган Қатар Ўзбекистонни қувиб ўтишга муваффақ бўлган. Боз устига, 97-ўриндаги Ҳиндистон билан ўртадаги фарқ 1 очкога ҳам бормайди.

ОФК терма жамоалари
33. Эрон (-1)
43. Австралия (0)
54. Япония (+1)
55. Жанубий Корея (+2)
71. Саудия Арабистони (-1)
74. Сурия (-1)
76. Хитой (-1)
77. Ливан (+2)
85. Уммон (-1)
89. Ироқ (0)
91. Қирғизистон (+1)
94. Қатар (+4) - 1246.69 очко
96. ЎЗБЕКИСТОН (-1) - 1244.61
97. Ҳиндистон (-1) - 1244,4
100. Фаластин (-1)

Эслатиб ўтамиз, Эктор Купер мураббийлигидаги терма жамоа сентябрь ойида иккита халқаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Дастлаб Сурия термаси билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилган бўлса, ўтган ҳафта Эрон вакилларига 0:1 ҳисоби билан имконият бой берилди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон терма жамоаси октябрь ойидаги ФИФА кунларида ҳам 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади. 13 октябрь куни КХДР, 16 октябрда Қатар термалари Тошкентда меҳмон бўлади. Шунингдек, 20 ноябрь куни Жанубий Корея терма жамоасига қарши Австралияда назорат ўйини ўтказиш белгиланган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид