Жамият | 19:38 / 21.09.2018
24641
6 дақиқада ўқилади

Боласини 5 миллионга сотган она қўлга олинди

Иллюстратив фото

Сурхондарё вилояти, Қизириқ туманида ўз боласини беш миллионга сотган она тезкор ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди. 

Дилафруз (исм шарифлари ўзгартирилган) ўзаро келишмовчиликлар сабаб, эри билан ажрашиб, алоҳида яшай бошлади. Бир неча бор ота-онаси келиб, биргаликда яшаш масаласини муҳокама қилганида, Дилафруз уларнинг таклифини кескин рад этди.  Ёлғиз боши билан тўғри йўлда юрмаганлиги учун қўшмачилик содир этганликда айбланиб 2017 йилда судланди. Энди у  ўзига анчадан бери “халақит” қила бошлаган, вояга етмаган чақалоқ қизидан қутулиш пайида юрарди. Бироқ, бу режасини қандай қилиб амалга оширишни билмай унинг боши қотарди. Шу боис у бу масалада ўзи пинҳона учрашиб юрган Тоҳир исмли танишидан ёрдам сўради. “Маслаҳат оши”ни пишириш учун ёлғиз яшаб келаётган Тоҳирнинг уйига серқатнов бўлиб қолди. Маҳалла посбони бир неча бор Маликадан узоқ юриши, унинг  ахлоқсизлиги обрўсини тушириши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, Тоҳир Малика билан учрашишда давом этди. Маҳалла посбони ва қўшниларга эса Маликадан катта миқдорда қарзим бор, шуни кам-камдан олиб кетяпти, дея баҳонани тўқиди.   

Хуллас “шериклар” биргаликда моддий наф кўриш мақсадида, жиноий тил бириктириб, Дилафрузнинг 2017 йил 6 ноябрда туғилган қизи Мунисани 5.000.000 сўмга сотишни режалаштиришди. Режага асосан Тоҳир Бойсун тумани, “Тоқчи” маҳалласида яшовчи Маликага қўнғироқ қилиб, унга “Бир таниши қиз чақалоқ туққанлиги, лекин унга бола керак эмаслиги, шунинг учун чақалоқни 5.000.000 сўмга сотмоқчилиги, агар “мижоз” топиб, сотиб беришда ёрдам берса, чақалоқ сотишидан тушган пулдан беришни таклиф қилди. Ўз ўрнида, Малика 2017 йил 23 ноябрь куни Тоҳирнинг жиноий таклифи тўғрисида Сурхондарё вилояти ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўз хоҳиши билан жиноят содир қилмоқчи бўлган шахсларни жиноят устида ушлаб беришини маълум қилди. 

2017 йил 24 ноябрь куни Тоҳир Термиз шаҳридаги ресторанларнинг бирида ўтирган Маликанинг олдига Дилафруз билан бирга кириб борди. Ресторандаги алоҳида хонада ўтириб, Маликадан чақалоқни сотганлиги эвазига 5.000.000 сўм олди. Дилафруз эса Маликага чақалоқни 5.000.000 сўмга сотганлиги тўғрисида тилхат ёзиб бериб, тилхатга Тоҳир ҳам гувоҳ сифатида имзо қўйди. Дилафруз Маликага сотилаётган қизига тегишли барча ҳужжатларни тақдим қилди. Малика “Мен чақалоқни олиб бориб берай” деб чиқиб кетгач, Тоҳир стол устида турган сариқ рангли пакет ичидаги пулларни чиқариб санаб кўрди. Шу пайт орадан 2-3 дақиқа ўтгач Тоҳир ва Дилафрузнинг олдига Сурхондарё вилояти ИИБ ходимлари холислар иштирокида етиб келишди. 

2017 йил 24 ноябрь куни соат 14:00 ларда Сурхондарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида “чақалоқ сотиб олувчи мижоз” сифатида жалб қилинган Маликага Тоҳир ва Дилафруз вояга етмаган Мунисани 5.000.000 сўмга сотаётган вақтда, жиноят устида  қўлга олинди.

Судда Тоҳир ўзига нисбатан эълон қилинган айбловларга  тўлиқ,  Дилафруз эса қисман иқрорлик билдирди.  Тоҳир берган ўз кўрсатмасида 2017 йил тахминан ноябрь ойи ўрталарида Ангор туманидаги Перинатал марказига  бориб, Дилафрузни туғилган қизи билан бирга чиқариб, уйига жўнатиб юборганлиги, орадан тахминан бир неча кунлар ўтганида Дилафрузнинг уйига яна борганлиги, оилавий шароити оғир бўлганлиги учун унга “болани ўлдириб қўясан, иложи бўлса, бирор кишига бериб юбор” дея маслаҳат берганлигини айтди. Шунингдек, Дилафруз “Бирор киши борми, болани оладиган, 5.000.000 сўмга сотаман” деганида, таниши Маликага  қўнғироқ қилиб, ундан “Чақалоқ сотиб оладиган одам бор йўқлиги” ҳақида сўраганини, Малика “Чақалоқни сотиб оладиган одам топсам, ўзим телефон қиламан” деганида, унга “Агар чақалоқни сотиб оладиган одам топсанг, сенга 500.000 сўм, ўзимга 1.500.000 сўм олиб қолиб, қолганини чақалоқнинг онасига 3.000.000 сўм қилиб берамиз” деганини тан олди. Судланувчи Тоҳир ва Дилафруз Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, Тоҳирга жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг айбига иқрорлиги, қарамоғида икки нафар фарзанди борлиги ва яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини жазони енгиллаштирувчи, жиноятни ғараз ва паст ниятларда содир этганлигини эса жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар дея эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, муддати 6 йил озодликдан маҳрум қилинди. 

Дилафрузга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда эса суд айбига қисман иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, қарамоғида уч нафар фарзандлари борлиги, оилавий аҳволи ва аёл киши эканлиги, жазони енгиллаштирувчи, илгари ҳам қасддан жиноят содир этиб, такроран қасддан янги жиноятни ғараз ва паст ниятларда содир этганлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, муддати 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Жиноят ишлари бўйича
Қизириқ туман судининг раиси Б.Мамадаминов
Журналист М.Эшмирзаева

Мавзуга оид