Технология | 17:14 / 22.09.2018
3766
2 дақиқада ўқилади

Uber таомни дронлар ёрдамида етказади 

Фото: Hi-news

Uber компанияси йўловчиларни етказиш бўйича дунёдаги етакчи компанияга айланганига қарамай, эришган ютуқларида тўхтаб қолмоқчи эмас. Яқинда ишга туширилган Uber Eats сервиси дарҳол машҳурликка эришди ва рақобатчиларни ҳам айнан шу йўналишда ишлашга мажбур қилди. Ердаги «муаммолардан халос бўлгач», Uber учувчи таксилар соҳасидаги илк компанияга айланмоқчи. Таксилар ортидан ҳавога таом етказиш тизими ҳам ҳавога отланади. Бунда махсус дронлардан фойдаланилади.

«Ҳаво Uber Eats» қўниш платформаси сифатида вертолёт майдонлари ҳамда уйлар томларидан фойдаланади. Технология синовлари пицца ва бургерларни етказишда ўтказилади. Бундан ташқари, дронлар учун бўлажак таксиларда қўлланиладиган алгоритмлар қўлланилади. Мақсад - ягона «ҳаво ҳаракати қоидалари»ни ишлаб чиқиш. Шунингдек, лойиҳа доирасида зарур бўлган инфратузилма яратилади. Унга учиш-қўниш майдонларидан ташқари, ёқилғи (қувват олиш) станциялари, керакли иловалар, учиш вақтида хулқ-атвор алгоритмларини ишлаб чиқиш ва бошқалар ҳам киради. Лойиҳанинг бу босқичдаги асосий мақсади – ғоянинг ишлай олишини аниқлаб, юзага келадиган камчиликларни бартараф этишдан иборат. Лойиҳа анча мантиққа яқин кўринади: «учиш синовларини таомда ўтказиш», кейин эса ҳаво таксиси бозорини Uber Air сервиси ёрдамида забт этиш.

Қайд этиш жоизки, Uber бу ҳолатда ягона эмас. Чунки АҚШ ва Исландия шаҳарларида бундай синовлар аллақачон ўтказилган. Бироқ уларнинг бари фақат етказиш бозорига йўналган эди. Uber компаниясининг режалари эса анча улкан. Мутахассисларнинг кўпчилиги таомни дронда етказиш нафақат тезкор, балки арзон бўлишини ҳам таъкидлашяпти. Илк синовларни ўтказиш муддатлари ҳали маълум қилинмаган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид