Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ил-20 воқеасига жавобан. Россия Сурияни С-300 билан қуроллантиради
Россия Сурияга С-300 зенит-ракета мажмуалари етказиб беришни бошлашга қарор қилди. Бу ҳақда 24 сентябрь куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу мажмуа Сурия Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлайди. Шойгу суриялик ҳарбийлар ушбу ҳарбий техникани 2 ҳафта ичида қабул қилиб олишини қўшимча қилди.
«Суриялик ҳарбийларга икки ҳафта ичида замонавий С-300 зенит-ракета мажмуалари етказиб берилади. Бу тизим 250 км масофадан йўлланаётган ракетани бартараф этишга, бир вақтнинг ўзида бир нечта нишонни йўқ қилишга қодир», деган Шойгу.
Шойгу Сурия ҳарбийлари бу тизим орқали россиялик ҳарбийларнинг самолётларини осон аниқлай олишини маълум қилди.
Фото: Вадим Савицкий / РИА Новости
Бу қарор Россия Федерацияси президенти Владимир Путин томонидан тасдиқланган. «Путин самолёт ҳалокати учун масъулиятни Исроил зиммасига юклади ва президентга (Башар Асад) Россия Сурия Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ривожлантиришда ёрдам кўрсатишини маълум қилди. Саудия Арабистонига ҳам С-300 етказиб берилади», дейилган Сурия президенти матбуот хизмати хабарида.
Фото: SERGEI BOBYLEV/TASS
Қайд этиш керакки, Россия С-300 зенит-ракета мажмуаларини Сурияга Латақияда суриялик ҳарбийлар русларнинг Ил-20 русумли ҳарбий самолётини адашиб уриб тушириши ортидан жўнатмоқда. Россия Ил-20 ҳалокатида Исроилни айблаганди.
Россия Мудофаа вазирлиги Исроилнинг F-16 қирувчи самолётлари Сурия зенит ракеталаридан қочиш мақсадида, Хмеймим аэродромига қўниш учун тайёргарлик кўраётган Ил-20 самолёти орқасига атайлаб яширингани ҳақида маълум қилди.
Россия томони билдиришича, Исроил ҳарбий қўмондонлиги икки давлат ўртасида тузилган шартномага амал қилмасдан Суриянинг ғарбий қирғоқларига уюштирилаётган ҳаво ҳужуми ҳақида жуда кеч ва чалғитувчи хабар (аввалига Исроил Сурия шимолида амалиёт ўтказишини хабар қилганди) юборган. Бунинг оқибатида Россия ҳарбий кучлари айнан ўша дамда осмонда бўлган разведка самолётини жанговар ҳаракатлар зонасида олиб чиқишга улгурмай қолган.
Исроил элчихонаси Россиянинг қарорига муносабат билдирмади. «Биз бунга изоҳ бермаймиз», деди журналистларнинг Сурияга С-300 етказиб берилиши ҳақидаги қарорга муносабати сўралган саволга жавобан Исроилнинг Москвадаги дипломатик миссияси матбуот котиби Алекс Гандлер.
Россия Сурия устида хавфсиз ҳудуд яратмоқчи. Ҳарбий эксперт, истеъфодаги генерал полковник Леонид Ивашовнинг фикр билдиришича, Россия Сурия ҳамда Ўрта Ер денгизининг Сурия қирғоқларидаги қисми осмонида хавфсиз зона яратишга қарор қилган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳудуддаги парвозлар чекланади. Экспертнинг қўшимча қилишича, бундай қарор «АҚШ ва Исроилнинг, шунингдек коалиция таркибида Сурияда амалиётлар ўтказаётган бир қатор Европа давлатларининг кескин қаршилигига дуч келади».
Фото: Максим Шеметов / Reuters
Расмий Москва Сурияга 2018 йилнинг баҳорида ҳам С-300 етказиб бермоқчи бўлганди. Сурия ҳукумати шу йилнинг апрелида, Идлибдаги кимёвий ҳужумга жавобан АҚШ, Франция ва Буюк Британия томонидан ракета зарбалари йўлланиши ортидан Россиядан С-300 зенит ракета мажмуаси сўраганди. Ўшанда Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Москвада Дамашққа қурол етказиб бериш мажбурияти йўқлигини айтганди.
Суриянинг Москвадаги элчиси Риёз Ҳаддод ўшанда Россиянинг С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Сурия ҳудудида мавжуд экани ҳақида маълум қилганди. Икки кун ўтиб ҳарбий-дипломатик манбалар бу маълумотни рад этишганди.
Исроил Суриянинг С-300 тизимини йўқ қилишга тайёр. Исроил Мудофаа вазири Авигдор Либерман 2018 йилнинг апрелида агар С-300 Исроил самолётларига қарши қўлланса, Исроил уни йўқ қилишини айтиб ўтганди: «Биз учун руслар сурияликларга етказиб берадиган мудофаа қуроллари бизга қарши қўлланмаслиги муҳим». Либерман акс ҳол юз берадиган бўлса, Исроил жавоб қайтаришини айтганди: «Агар кимдир бизнинг самолётларга ўт очса, биз уни йўқ қиламиз», — дея изоҳ берганди у Сурияга россияликларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими етказилиши ҳақидаги хабарларга жавобан.
Сурия С-300 олгани ҳақида маълум қилмайди. Июнь ойида Сурия президенти Башар Асад Россиядан С-300 зенит ракета комплекслари етказиб берилиши ҳақида хабар бермаслигини маълум қилганди. «Ушбу комплекслар тақдим этилиши ёки этилмаслиги ҳақида биз ҳеч кимга хабар бермаймиз. Бу қурол, у ҳақида қачон қўлланилса, шунда билиб олишади», - дея изоҳ берганди ўшанда у.
2013 йилда Сурияга С-300 етказиб берилиши Исроилнинг илтимоси билан тўхтатилганди. 2010 йили Россия ва Сурия С-300 тизими бўйича шартнома тузганди. Бу ҳақдаги хабарлар Исроил ва АҚШ томонидан ғазаб билан қарши олинганди. АҚШнинг ўша вақтдаги Давлат котиби Жон Керри Россияни Башар Асад режимини қўлламасликка чақирганди. Икки мамлакат ҳам бу келишувнинг амалга ошишига қаршилик кўрсатган, якунда қуролни етказиб бериш режаси бекор бўлганди.
Буни бугун Россия Мудофаа вазири эслаб ўтди: «2013 йилда Исроил томони илтимосига кўра биз Сурияга С-300 мажмуалари етказиб беришни тўхтатгандик. Ўшанда сурияликлар қуролни қабул қилиб олишга тайёргарлик кўришганди. Бугун вазият ўзгарди. Бизнинг айбимиз билан эмас».
Мавзуга оид
08:33 / 02.06.2026
Венада Асад даври генерали устидан суд бошланди
08:29 / 01.06.2026
Ўзбекистон Сурияга маҳсулот экспорт қилишни бошламоқчи
20:33 / 30.05.2026
«Меҳр» операциялари натижасида 530 дан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтарилди
18:07 / 30.05.2026