Жамият | 23:52 / 25.09.2018
4318
2 дақиқада ўқилади

Иммунология: Тошкентда халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда

Фото: KUN.UZ

Пойтахтда "Иммунология - фанлараро муаммолар" илмий-амалий анжумани ўз ишини бошлади. 24 сентябрь куни мазкур анжуманнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради KUN.UZ мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Иммунология ва инсон геномикаси институти томонидан ўтказилмоқда. Анжуман иммунология, тиббий генетика ва уларга боғлиқ клиник фанларга оид долзарб масалаларни қамраб олади. 

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси президенти Б.Йўлдошев бошчилигидаги олимлар ҳамда Россия Фанлар Академияси академиги, Россия иммунологлар илмий жамияти президенти В.Чернишев бошчилигидаги делегация вакиллари қатнашишди. 

Анжуманда иммунологияни ривожлантиришга доир масалалар кўтарилди, иммун тизими фаолиятидаги бузилишлар, туғма нуқсонлар, касалликларнинг эрта диагностикаси кабилар муҳокама этилди. Жумладан, Ўзбекистонда иммунология ва геномика ривожланиши тарихи ҳақидаги материал тақдим этилди. 

Ўз ўрнида, россиялик олимлар ОИВ-инфекциялар иммунопатофизиологияси, мукозал иммунитет (шиллиқ қаватлар иммун тизими) соҳасидаги кузатувлари ва тадқиқотлари ва дастлабки иммунитет танқислигига доир тажрибалари билан ўртоқлашишди. 

Конференция 24 сентябрдан 26 сентябрга қадар (24-25 сентябрь - Тошкентда, 26 сентябрь - Бухорода) ўтказилади. Мазкур тадбир билимлар интеграцияси ва аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш учун хизмат қилади. 

Мавзуга оид