Шикоятчи устидан шикоят. Мурожаатларда боқимандалик балоси
Халқ билан мулоқот бугун давлат идоралари ижро ҳокимиятининг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Мақсад битта, у ҳам бўлса - халқ дардини тинглаш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш ва муаммоларини ўз вақтида ҳал этишдир. Бу эса халқ манфаати барча нарсадан устун деганидир.
Шу боис юртимизда сўнгги йилларда бу борада катта ўзгаришлар юз бергани бор гап. Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Вазирлик ва идоралар, мансабдор шахсларга электрон мурожаат қилиш имкониятлари яратилди. «Ишонч телефонлари» самарадорлиги оширилди. Интернетнинг имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда мансабдор шахслар ижтимоий тармоқларда халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйди.
Айни вақтда шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш, муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда ва бу ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Бу халқ манфаати учун амалга оширилаётган чора-тадбирлардир. Аммо асоссиз шикоятлару мурожаатлар ҳам учраётгани ва кўпаяётганидан кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, мурожаат ва шикоят қилишга ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳақи бор. Ҳеч ким буни чеклай олмайди. Лекин баъзи меъёрларни унутмаслик керак.
«Ёзавераман, ёзавераман...»
Яқинда касбимиз тақозоси билан шикоят хатини ўрганиш юзасидан бир маҳаллага бордик. Маҳалла фуқаролар йиғини жамоатчилик кенгаши аъзолари, фаоллари маҳаллада турли келишмовчиликлар юзага келаётгани, муҳит бузилишига бир шикоятчи сабаб бўлаётганини билдиришган.
Ўрганишимиз чоғида маълум бўлишича, фуқаролардан бири оиласи учун моддий ёрдам сўраб маҳалла фуқаролар йиғинига ариза билан мурожаат қилади. Белгиланган меъёр ва мезонларга тўғри келмагани учун маҳалла қошидаги комиссия йиғилишида ариза рад этилади. Ҳаммаси шундан бошланади.
Мақсади ҳосил бўлмаган фуқаро бу борада бошқа ташкилотларга шикоят қилади. Мутасаддилар томонидан вазият бир неча бор ўрганилади ва тўғри рад этилгани ҳақида хулоса қилинади. Фуқаро эса ариза ёзишда давом этади. Турли ташкилотлар, Халқ қабулхонасига бу масалада шикоят хати беради ва комиссия аъзоларини ноҳақликда айблайди. Такрорий ўрганишлару шикоятлардан чарчаган маҳалла фаоллари охир-оқибат фуқарога моддий ёрдам беришга мажбур бўлади.
Аслида-чи? Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, моддий ёрдам олаётган оилада эр ҳам, хотин ҳам олий маълумотли. Яхши касбларнинг мутахассислари. Эр давлат ташкилотида ишлайди. Каттагина томорқаси бор. Бир нафар ёш фарзанди борлиги туфайли турмуш ўртоғи вақтинча ишламайди. Ҳаммасини белгиланган меъёрларга қўйиб, аризани рад этган комиссия аъзолари эса балога қолади. «Келинглар, шу тинчисин» қабилида «амаллаб» моддий ёрдам кўрсатишади. Андиша қилишади.
Ношукрликми ёки боқимандалик?
Бу жиҳатлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бир фуқародан келган мурожаатни жамоатчилик асосида ўргандик. Мурожаатда ёзилишича, оила моддий жиҳатдан жуда қийналган, уйлари таъмирталаб, амалий ёрдам сўраган.
- Эрим ҳеч қаерда ишламайди, чунки ўқимаган, - дейди уй бекаси. - Мен уйда болаларга қарайман. Моддий томондан жуда қийналиб қолганмиз. Уйларимизни таъмирлашимиз керак.
Хонадондаги томорқага разм соламиз. Бегона ўт кўплигидан нима экилганини ҳам билиш қийин. Қаровсиз ҳолатда.
Унинг турмуш ўртоғини чақиртирдик. Чамаси 35 ёшлардаги тоғни урса талқон қиладиган йигит келди. У томорқа имкониятларидан унумли фойдаланиш орқали даромад олиш мумкинлиги ҳақида хаёлига ҳам келтирмаслиги кўриниб турарди. Тебранмаган одамни тепсанг ҳам тебранмайди, деганлари шу бўлса керак.
- Ёрдам бермасаларинг нега келдинглар? Биз моддий ёрдам сўраб мурожаат қилгандик!
Шикоят қилиш «муаммо ечилади» дегани эмас
Шундай ўйлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Мурожаатлар ўрганилганда, турли низоларга дуч келамиз. Айримлари фақат суд орқали ҳал этиладиган масалалар. Баъзи шикоятларда келтирилган важлар, умуман қонун доирасидан ташқарида, белгиланган талабларга зид ва асоссиз бўлади (туҳматлари ҳам йўқ эмас).
Айрим мурожаатларнинг мазмуни билан танишар эканмиз (айниқса, кимнингдир устидан ёзилган бўлса), бўҳтонлардан ташқари, ҳаддан ташқари бўрттириш, ҳақоратларни учратамиз. Одоб-ахлоқ доирасига тўғри келмайдиган турли сўзлар, пўписаю дағдағалар ҳам қўшиб ёзилади. Шикоят қилишга қонуний ҳақи бордир, аммо бировга туҳмат қилишга, ҳақоратлашга, нафсониятига тегишга, дағдаға қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддасида мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, шунингдек, туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат бериш белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддасига кўра, туҳмат қилиш, яъни билатуриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Агарда шундай мазмундаги шикоятларга юқоридаги қонуний талаблар асосида ҳуқуқий баҳо берилса, жавобгарликка тортиладиган мурожаатчилар ҳам топилади. Фақат андиша қилишади!
Аммо унутманг, андишанинг оти қўрқоқ эмас...
Бардошбек САМАД ўғли
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024