Жаҳон | 19:41 / 26.09.2018
22574
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонда бепул коммунал хизматлар бекор қилинади 

Фото: Рамиль Ситдиков / РИА Новости

2019 йил 1 январдан Туркманистонда аҳолига электр энергия, газ, ичимлик суви ва ош тузини бепул тақдим қилиш бекор қилинади. Бу ҳақда президент Гурбангули Бердимухамедовнинг қарорига иқтибос келтирган ҳолда Туркманистон давлат ахборот агентлиги маълум қилди.  

“Туркманистон иқтисодиётида эркин бозор муносабатларини ривожлантиришни давом эттириш ҳамда аҳоли учун электр энергия, газ, уй-жой коммунал хизматлари нархини тартибга солиш мақсадида 2019 йил 1 январдан аҳолига электр энергия, газ, ичимлик суви ва ош тузини бепул тақдим қилиш бекор қилинади”, деб айтилган қарорда.     

Қарорда ушбу хизматларнинг аниқ нархи келтирилмаган, бироқ нархлар имтиёзли асосда белгиланиши таъкидлаб ўтилган. Маълум қилинишича, ҳукумат бу масала бўйича таклифларни тайёрлаб, президентга кўриб чиқиш учун тақдим қилиши керак.  

Туркманистонда юқорида санаб ўтилган хизматлар аҳолига 1992 йилдан бепул тақдим қилиб келинган. Бу захиралар истеъмоли чекланган бўлган. Белгиланган миқдордан кўпроқ ишлатилган захираларга рамзий нархлар бўйича тўлов амалга оширилган. 2003 йилда Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурот Ниязов имтиёзларнинг амал қилиши муддатини 2030 йилгача узайтирган, бироқ 2017 йилда амалдаги президент аҳоли даромадлари сезиларли ошгани сабабли ушбу хизматлар учун тўлов киритилишини қўллаб-қувватлаган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид