00:45 / 28.09.2018
17644

АҚШнинг F-35B қирувчилари ўз тарихидаги илк жанговар зарбани амалга оширди

Фото : Air Force / Staff Sgt. Andrew Lee

АҚШнинг 5-авлоддаги F-35B қирувчи самолётлари ўз тарихидаги илк жанговар зарбани амалга оширди. Бу ҳақда бир нечта ҳарбий манбага иқтибос келтирган ҳолда Military.com маълум қилди.

Манбалар маълумотларига кўра, зарба “охирги 24 соат ичида” Афғонистондаги “Толибон” ҳаракати позицияларига берилган. Бу самолёт F-35’нинг 3 та модификациясидан вертикал қўна оладиган ягонаси бўлиб, учиш учун минимал масофани талаб қилади.

Самолёт USS Essex амфибия кемаси палубасидан ҳавога кўтарилган. Аввал бу самолётлар Сомалидаги разведка миссиясида қўлланган, сўнгра Адан кўрфазидан Арабистон денгизининг шимолий қисмига жўнаган. 

Кам даражада сезилувчи, кўп мақсадли F-35 Lightning II самолётлари оиласи Lockheed Martin томонидан яратилиб, 2001 йилдан бери ишлаб чиқарилади. Қирувчи самолёт учта модификацияга эга: A (ҳарбий-ҳаво кучлари учун), B (вертикал қўнувчи ва кичик масофадан уча олувчи) ва C (палуба).

F-35 Lightning II самолётларини яратиш дастури 1,5 трлн долларга тушган ва қурол ишлаб чиқариш бўйича тарихдаги энг қимматбаҳо дастур ҳисобланади. Муҳандислар самолётни яратиш жараёнида кўплаб муаммоларга тўқнаш келишган, режалаштирилгандан юзлаб миллиард доллар кўпроқ маблағ сарфлаб юборишган ва самолётни сафга киритишга камида 7 йил кечикишган.

Бундай бир дона самолётни қуриш қиймати 150 млн долларга, уни бир соат қўллаш харажатлари эса 35 минг долларга баҳоланади.

Top