Жаҳон | 23:52 / 28.09.2018
16786
2 дақиқада ўқилади

Филиппин президенти минглаб одамларни судсиз ўлдирганини тан олди 

Фото: Rouelle Umali / Globallookpress.com

Филиппин президенти Родриго Дутерте “ўзининг ягона гуноҳи” гиёҳвандфурушларга қарши кураш давомида минглаб одамларни судсиз ўлдиришга рухсат бергани эканлигини айтди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри маълум қилди.  

Дутерте танқидчиларига мурожаат қилиб, “Менинг айбим нима? Ахир мен бир песо ўғирладимми? Менинг ягона гуноҳим – судсиз ўлдиришдир”, деб айтган Дутерте.

Нашрнинг маълум қилишича, ҳуқуқ ҳимоячилари Дутертенинг бу сўзларини айбини тан олиши деб баҳолашган. Дутерте гиёҳванд моддаларга қарши курашни эълон қилгандан кейин судсиз жазолаш юз бераётганини тан олган, бироқ бу давлатнинг ташаббуси эканини рад этиб келган.

Дутерте вакилининг айтишича, президент юқоридаги сўзларни “ҳазил тариқасида” айтган ва унинг гапларини том маънода қабул қилмаслик кераклигини айтган.

Филиппин президенти ўз нутқи давомида гиёҳванд моддаларга қарши урушни тўхтатиш ниятида эмаслигини айтган. “Уруш тўхтатилмайди. Мен бу учун ўз ҳаётимни, президентлигимни тикаман ва уларни исталган вақт йўқотишга тайёрман”, деб айтган Дутерте.   

Жорий йил мартида Халқаро жиноят суди (ХЖС) Дутертенинг аввал Давао мэри, сўнгра президент лавозимидаги хатти-ҳаракатларининг терговини бошлади. Дутерте бунга жавобан ХЖСга тергов ўтказишга ҳуқуқ берувчи Рим мақомида иштирок этишдан бош тортишини айтган. 

Расмий маълумотларга кўра, Филиппинда гиёҳванд моддаларга  қарши икки йиллик кураш давомида 4,5 мингга яқин одам, асосан майда гиёҳвандфурушлар ва гиёҳвандлар ўлдирилган. Бироқ ХЖС маълумотларига кўра, ушбу уруш давомида камида 8 минг киши ўлдирилган. Баъзи ҳуқуқни ҳимоялаш гуруҳлари эса ўлдирилганлар сони 12 минггача етишини айтмоқдалар.  

Мавзуга оид