Уйда қандай қилиб Wi-Fi яхши ишлашини таъминлаш мумкин
Wi-Fi сифати ва тезлиги роутерга, унинг уйда жойлашган ўрнига ҳамда халал берувчи омилларга боғлиқ. Уйда Wi-Fi орқали интернет тармоғига уланишни истаганлар қуйидаги жиҳатларга эътибор беришлари керак бўлади.
1. Роутер танлаш
Уланиш тезлиги ва сифатига таъсир кўрсатадиган биринчи нарса – бу роутернинг техник хусусиятлари.
Диапазонлар
Ҳар бир тўлқин ўз частотасига эга бўлиб, Wi-Fi ҳам маълум бир частота ёки ўз диапазони орқали тарқаладиган радиотўлқиндир.
Замонавий роутерлар иккита: 2,4 ва 5 ГГц диапазонда ишлайди. 2,4 ГГц диапазонидан 2000 йилдан бери фойдаланилади. У анча кенг тарқалган диапазон ҳисобланади. 5 ГГц — янги диапазон бўлиб, унинг уланиш тезлиги каттароқ.
Роутер танлашда қўшнилар қайси диапазондан фойдаланишаётганини текшириб кўриш керак. Агар қўшнилар 2,4 ГГц диапазондан фойдаланаётган бўлса, 5 ГГц диапазонга ўтиш Wi-Fi ишлаш тезлигини сезиларли даражада оширади.
Стандартлар (IEEE 802.11 a/b/g/n/ac/ad)
Уланиш тезлигига диапазондан ташқари, роутер фойдаланадиган протокол ҳам таъсир кўрсатади. Бу ишлаш стандартлари бўлиб, у тезлик, қамров ҳудуди, частота хусусиятларини ўз ичига олади.
a/b/g стандартлари эскирган ҳисобланади. Уларнинг максимал ўтказиш тезлиги атиги 54 МБит/с. n стандарти кенг тарқалган, аммо унинг ишлаш тезлиги чекланган. Замонавий ac ва ad стандартлари энг катта тезликни беради.
Процессор ва оператив хотира
Процессор частотаси роутернинг маълумотларни қанчалик тез қайта ишлаши ва узатишини англатади. Частота қанчалик баланд бўлса, уланиш тезлиги шунчалик катта бўлади.
Роутер орқали ҳар куни гигабайтлаб ахборот ўтади ва унинг хотираси қанчалик катта бўлса, у шунчалик яхши бўлади.
Антенна сони ва турлари
Аксарият роутерларда антенна қуввати децибелларда (dBi) ўлчанади., 5 dBi қувватга эга антенналар узатадиган Wi-Fi битта қаватда яхши ишлайди. Иккита қаватни Wi-Fi билан қамраб олиш учун 2 dBi қувватли антенналардан фойдаланилади.
Агарда роутерга бир вақтнинг ўзида бир нечта қурилма уланадиган бўлса антенналар сони тармоқ тезлигига таъсир кўрсатади. Антенна қанча кўп бўлса, ҳар бир қурилма тўлқинни шунчалик яхши қабул қилади.
2. Қулай жой топиш
Уланиш сифатига роутер ва қабул қилувчи қурилма орасидаги масофа, сигнал йўлидаги турли халал берувчи омиллар таъсир қилади.
Роутернинг жойлашиши
Ҳар бир роутер 30 метрдан 70 метргача бўлган қамров ҳудудига эга. Сигнал йўлида тўсиқ ва халал берувчи омиллар қанчалик кам бўлса, тезлик шунчалик баланд ва сифатли бўлади. Шунинг учун роутерни диванлар, столлар ва бошқа буюмлардан баландроқда жойлаштириш керак.
Бутун хонадон майдонини қамраб олиш учун роутерни марказга жойлаштирган маъқул. Wi-Fi қабул қиладиган қурилмалар унга яқинроқда бўлиши керак.
Роутер антенналари хонадон полига перпендикуляр ҳолатда туриши керак —90 даража бурчак остида бўлмаган антеннадан чиққан сигнал томга ёки полга йўлланади.
Халал берувчи омиллар
2,4 ГГц диапазонда Wi-Fi-роутерлардан ташқари симсиз клавиатуралар, сичқончалар, Bluetooth-қурилмалар, микротўлқинли печлар, симсиз динамиклар ишлайди. Буларнинг барчаси тўлқинга халал беради ва уланиш тезлиги ва сифатини пасайтиради.
Бундан ташқари, роутер ва қурилма орасидаги тўсиқлар, деворлар ҳам уланиш сифатига таъсир қилади.
3. Хавфсизлик
Тармоқ хавфсизлигини таъминлаш ва унга уланувчилар сонини чеклаш учун Wi-Fi тармоғини пароль билан ҳимоялаш лозим. Танланган шифрлаш услуби уланиш тезлигига таъсир қилади. Замонавий роутерлар тўртта шифрлаш услубига эга: WEP, WPA, WPA2 или WPA2 PSK.
Энг яхши шифрлаш услуби WPA2 PSK ҳисобланади. Эскирган WEP услуби уланиш тезлигини кескин камайтиради.
Юқоридагилардан шундай хулоса қилиш мумкин:
IEEE 802.11 ac стандартига эга иккита диапазонли роутер танлаш керак.
Роутер ва қабул қилувчи қурилма орасида тўсиқ бўлмаган қулай жой танлаш лозим.
Паролни WPA2 PSK шифрлаш услубидан фойдаланиб киритиш керак.
Мавзуга оид
22:37 / 13.07.2023
Ёруғликка асосланган Li-Fi стандарти қабул қилинди
16:39 / 22.07.2022
Тошкент аэропортида бепул ва юқори тезликдаги Wi-Fi ишга туширилди
16:56 / 02.03.2020
Ҳиндистонда йўловчиларнинг самолётда Wi-Fi’дан фойдаланишига рухсат берилди
23:18 / 17.02.2020