Ўзбекистон | 14:08 / 04.10.2018
4303
2 дақиқада ўқилади

“Мюллер Мартини” Ўзбекистон матбаа соҳасига кириб келмоқда

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги

Швецария компанияси ҳисобланган “Мюллер Мартини” компанияси Россия Федерацияси, шунингдек, Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо бошқа давлатларда ҳам фаолият олиб бормоқда. Компания китоб маҳсулотларини йиғиш, тикиш ва муқовалаш ишларини бажарувчи автоматлаштирилган техник ускуналарни ишлаб чиқариш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан шуғулланади.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев 2018 йил 3 октябрь куни “Мюллер Мартини” МЧЖ менежери Г.Самойлов билан Ўзбекистонда китоб ва китоб маҳсулотларини чоп этишда замонавий техник ускуналардан фойдаланиш, уларни ўрнатиш ҳамда мутахассисларни ўқитиш масалаларида музокара олиб борди.

- Ўзбекистонлик матбаачилар “Мюллер Мартини”ни яхши билади. Чунки айнан ушбу компания томонидан ўрнатилган замонавий техник ускуналардан юртимиздаги бир нечта нашриёт-матбаа ижодий уйларида фойдаланилмоқда. Келгусида нашр қилиш ва матбаачиликни ривожлантиришда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдормиз, - дейди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев.

Дунёнинг бир нечта давлатларида ўзларнинг хизмат кўрсатиш офисларига эга “Мюллер Мартини” МЧЖ менежери Г.Самойлов компания ҳақида янада батафсил маълумотларни тақдим этар экан, ЎзМАА вакилларини Франкфуртда ўтказиладиган халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси доирасида бевосита заводнинг ўзига бориб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишга таклиф қилди.

- Биз замонавий техник ускуналарни нафақат ўрнатамиз, балки маҳаллий мутахассисларни қисқа курсларда ўқитиш билан ҳам шуғулланамиз, - дейди Г.Самойлов. – Шунингдек, нашриёт ишида фойдаланиладиган машиналар учун эҳтиёт қисмларни етказиб беришда ҳам ҳамкорликка тайёрмиз.

Мавзуга оид