Жаҳон | 08:59 / 06.10.2018
10555
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоев Қозоғистон халқига анъанавий мурожаат билан юзланди

Фото: Liter.kz

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистон халқига анъанавий мурожаат билан юзланди.

Мурожаат мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва қозоғистонликлар турмуш тарзини янада яхшилаш вазифаларига бағишланган. 

Миллий телеканаллар мамлакат раҳбари мурожаатининг жонли трансляциясини олиб боришган.

Назарбоев ўз мурожаатида иқтисодиётда рақобатни ривожлантириш бўйича қатъий чоралар кўриш ва уй-жой коммунал хўжалигидаги нархларда тартиб ўрнатиш; бизнесни адолатсиз маъмурий босим ва жиноий таъқиб таҳдидларидан ҳимоялашни ошириш; экспортга йўналтирилган саноатлаштириш иқтисодий сиёсатнинг марказий унсури бўлиши; молиявий секторнинг иқтисодиётни ривожлантиришдаги ролини кучайтириш ва узоқ муддатли макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш лозимлигини айтган.   

Қозоғистон президенти аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мақсадида 5 йил давомида таълим, фан ва соғлиқни сақлаш учун харажатларни ЯИМнинг 10 фоизига етказиш; мактабгача таълим сифатини тубдан яхшилаш; “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш; ҳудудий даражада оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантириш; қозоғистонликлар сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилишлари; аҳолини сифатли ва арзон уй-жой билан таъминлаш зарурлигини таъкидлаб ўтган.

Назарбоев давлат бошқаруви тизимида ҳам бир қатор вазифаларни амалга ошириш зарурлигини айтиб ўтган. Жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятида чуқур ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш, суд тизимини янада модернизациялаш; давлат идоралари иши самарадорлигини тубдан яхшилаш; коррупцияга қарши фаол курашни давом эттириш; ҳукумат ва барча давлат идоралари ишида расмиятчилик ва қоғозбозчиликни камайтириш лозимлиги таъкидлаб ўтилган.

Қозоғистон президенти мамлакатни муваффақиятли ривожлантириш учун фаол ташқи сиёсатни олиб бориш зарурлигини қўшимча қилган.   

Мавзуга оид