Никки Хейли истеъфога чиқди
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли ўз лавозимини тарк этди. Дональд Трамп унинг истеъфосини қабул қилганини маълум қилган.
«У менга 6 ой олдин дам олиш ҳақида ўйлаётганини айтганди», деган Трамп.
Reuters агентлиги хабарида қайд этилишича, Трамп Хейлини қадрлайди ва унинг қайтишига умид билдиради.
Axios нашрининг ёзишича эса Хейлининг кетиши Трамп маъмурияти учун сюрприз бўлди.
Ҳозирча Хейлининг ўрнини ким эгаллаши маълум эмас.
Хейли хоним 2017 йилнинг январидан буён ушбу лавозимда фаолият кўрсатиб келаётганди.
Сайловолди кампанияси вақтида у Трампнинг тарафдори эмаслигини айтган, праймериз вақтида аввалига Марко Рубиони, кейин Тед Крузни қўллаб-қувватлаганди.
Асли келиб чиқишига кўра Ҳиндистондан бўлган (сикҳ муҳожирларига мансуб) Хейли 2010 йилда Жанубий Каролина штати губернаторлигига сайланган ва АҚШдаги энг ёш губернаторга айланганди.