Ўзбекистон | 15:09
2974
2 дақиқада ўқилади

Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари ишдан олинди

Давлат активларини бошқариш агентлигининг мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 миллиард сўмлик ер участкасини ёпиқ аукционга чиқариб, 120 миллиард сўмга сотиб юборган.

Президент раислигидаги йиғилишда ҳозирда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигида катта тафтиш кетаётгани, миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқлангани маълум қилинди.

Мисол учун, Давлат активларини бошқариш агентлигининг мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 миллиард сўмлик ер участкасини ёпиқ ауционга чиқариб, 120 миллиард сўмга сотиб юборган.

Шу боис, кеча агентлик директори Акмалхон Ортиқов ишдан олинган.

«Ҳақли савол туғилади. Ушбу идораларда йиллар давомида коррупция авж олган бўлса, хавфсизлик масалалари учун масъуллар қаерга қараган?» – деган президент.

ДХХ раисига «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлиги учун масъул ходимларининг жавобгарлигини кўриб чиқиш топширилди.

Комплаенс хизмати, Давлат хавфсизлик хизматига Давлат активлари агентлигининг мансабдорларига қўзғатилган жиноят иши тергов гуруҳига Хавфсизлик хизматининг иқтисодий масалаларга масъул тузилмаларидан ҳам мутахассисларни жалб қилиш топширилди.

«Сотилган давлат мулклари бўйича ҳар бир ҳолатни синчковлик билан текшириб, барча коррупциявий схемаларни фош қилсин ва жазо муқаррарлигини таъминласин», – деди давлат раҳбари.

Маълумот учун, Акмалхон Ортиқов 1980 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.

Турли йилларда молия вазирлиги тизимида, Наманган ва Фарғона вилояти ҳокимликларида молия бошқармаларида ишлаган, 2017 йилда Наманган вилояти ҳокими ўринбосари бўлган.

Кейинроқ Иқтисодиёт вазири ўринбосари, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари, Вазирлар Маҳкамасида котибият мудири лавозимларида фаолият юритган. 2020 йил декабрида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан Давлат активларини бошқариш агентлиги директори лавозимига ўтганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид