6 октябр куни Франциянинг янги бош вазири Себастян Лекорну ва унинг ҳукумати истеъфога чиқди. Бу – Лекорну ўз кабинет таркибини эълон қилганидан атиги бир неча соат ўтиб содир бўлди ва мамлакатдаги сиёсий инқирозни янада чуқурлаштирди.
Reuters нашрининг ёзишича, кутилмаган ва жуда тез истеъфо – тарафдорлари ва мухолифлари ҳукуматни қулатиш билан таҳдид қилганидан сўнг юз берди.
Хусусан, Франциядаги ўнг радикал «National Rally» партияси президент Эммануэл Макронни дарҳол парламентни тарқатиб, муддатидан олдин сайлов ўтказишга чақирди. Чап радикал «France Unbowed» (Бўйсунмас Франция) эса Макроннинг ўзини истеъфога чиқишга даъват қилди.
Лекорну – Макрон икки йил ичида тайинлаган бешинчи бош вазир бўлиб, лавозимда атиги 27 кун ишлади. Унинг ҳукумати эса атиги 14 соат фаолият юритди. Бу замонавий Франция тарихидаги энг қисқа умр кўрган ҳукумат ҳисобланади. Айни вақтга келиб, парламент кескин бўлинган, мамлакат эса ўз молиявий тартибини тиклашда қийналмоқда.

«Ишлаш учун зарур шароит мавжуд бўлмаса, бош вазир бўлиб қолишнинг имкони йўқ», — деди Лекорну истеъфосидан сўнг қилган қисқа чиқишида.
EN DIRECT | Déclaration du Premier ministre. https://t.co/2pkRDWyuKF
— Gouvernement (@gouvernementFR) October 6, 2025
У музокаралар юритиш ва мухолифат билан муроса топишнинг имконсизлигини сиёсий партияларнинг «шахсий амбициялари ва қатъий позицияларига» боғлади. Унга кўра, айрим сиёсатчилар ўз сайлов дастурига кўр-кўрона ёпишиб олган, коалиция ичидаги айримлар эса аллақачон келажакдаги президентлик сайловларига тайёргарлик кўрмоқда.
«Ҳар доим партиянгиздан кўра юрт манфаатини устун қўйинг», — деди у.
Лекорну – бир неча ҳафта давом этган сиёсий маслаҳатлашувлардан сўнг якшанба куни ўзининг Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини эълон қилган эди. Reutersʼнинг ёзишича, янги ҳукумат таркиби ҳам муҳолифат, ҳам тарафдорлар орасида норозилик келтириб чиқарди – кимдир уни «ҳаддан зиёд ўнг томонга оғди», бошқалар эса «етарлича қатъий эмас» деб танқид қилди. Бу эса ҳукуматнинг узоқ умр кўрмаслиги ҳақидаги шубҳаларни кучайтирди.

















