15:30 / 10.10.2018
24418

Бир киши қанча одамнинг юзини эслаб қолиши аниқланди

Фото: Jason Reed/REUTERS

Бир киши 5 мингга яқин одамнинг юзини эслаб қолишга қодир. Буни Йорк университети психологлари аниқлашди. Тадқиқот натижалари Proceedings of the Royal Society B журналида эълон қилинди.

Бир соат давомида 25 нафар кўнгилли ўз ҳаёти давомида дуч келган одамларнинг имкон қадар кўпроқ юзини эслашлари керак эди. Сўнгра, яна бир соат давомида улар машҳур бўлган шахсларнинг - актёрлар, мусиқачилар, сиёсатчиларнинг юзини эсга олишлари талаб этилди. Исмларни эслаб қолиш ихтиёрий эди. Иштирокчилар синовларнинг дастлабки дақиқаларида одам юзини яхши эслашган. Бундан ташқари, иштирокчилар қайси машҳурларни билиши мақсадида олимлар уларга 3441 нафар таниқли одамнинг суратларини кўрсатдилар. Жавоб агар иштирокчи таниқли шахсни камида иккита фотосуратда таниган бўлса, ҳисобга олинди.

Иштирокчилар 1000тадан 10 минггача одам юзини эслашган. Улар ўртача ҳисобда 5000га яқин юзларни ёдга олишди. Гарчи тажрибада бир нечта чекловлар мавжуд бўлган бўлса-да, унинг натижалари иштирокчиларнинг рост сўзлашига боғлиқ эди. Тадқиқотчилар бу натижалар фойдали бўлишини кутишмоқда. Хусусан, баъзи одамлар бошқаларга қараганда қандай қилиб кўпроқ одамлар юзини эслаши мумкинлигини аниқлаш керак. Бундан ташқари, аҳолининг қарийб 2%и юзларни танимаслик - прозопагнозиядан азият чекади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, одамлар қандай қилиб юзларни таниб олиши бўйича тўпланган маълумотлар бу муаммога ечим топишда ёрдам бериши мумкин.

Top