Ўзбекистон | 09:33 / 11.10.2018
3734
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида халқ таълими соҳасида ДХШ синов лойиҳалари амалга оширилади

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган икки мактаб базасида халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) синов лойиҳалари амалга оширилади, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (136- ва 141-сонли мактаблар асосида) пилот лойиҳаларини амалга ошириш учун инвесторлар ўртасида танлов эълон қилди.

Ҳозирда, Тошкент шаҳрида 300 та умумтаълим мактаблари фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 200 тасида юкланма юқори даражада қолган 100 тасида эса кўрсаткичлар паст эканлигини кузатиш мумкин. Лойиҳа амалга оширилаётган 136- ва 141-сонли мактаблар ҳам айнан иккинчи гуруҳга киритилган.

– Ушбу пилот лойиҳалар билан биз халқ таълими соҳасига хусусий маблағларни жалб этиш ниятидамиз. Инвестициялар билан бирга биз таълим соҳасига инновациялар ва малакали ўқитувчиларни жалб этамиз, бу эса таълим сифатини оширишга кўмак беради. ДХШ лойиҳаси доирасида инвесторлар болаларнинг таълим олишлари ва ўқитувчиларнинг самарали ишлашлари учун ҳамма шароитларни яратишлари керак бўлади. Ўз ўрнида сармоядорлар мактаб мулки ва объектларидан 30 йил мобайнида беғараз фойдаланиш имкониятига эга бўладилар, – деб таъкидлади Халқ таълими вазири ўринбосари Сарварбек Бабаходжаев.

Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган мактаблар ўз фаолиятларини 2019-2020 ўқув йилида бошлашлари кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид