Ўзбекистон | 15:30 / 14.10.2018
13563
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Ақлли шаҳар» Концепцияси муҳокамага қўйилди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Ақлли шаҳар» Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси тақдим этилди.

«Мазкур Концепциянинг мақсади - Ўзбекистонда турмуш сифатини ошириш ҳамда ҳозирги ва келажак авлоднинг иқтисодий, ижтимоий, экологик ва маданий эҳтиёжларни қондиришни таъминлашга йўналтирилган «Ақлли шаҳар» инновацион технологияларини татбиқ қилиш йўли орқали жойларда замонавий ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникацион инфратузилмалар лойиҳаларини яратишга доир асосий йўналишларни белгилаб олиш», - дейилади ҳужжатда.

«Ақлли шаҳар» инновацион технологияларини татбиқ қилишдаги асосий йўналишлар қуйидагилар:

«Ақлли транспорт» (Интеллектуал транспорт тизими)

Интеллектуал транспорт тизими - транспорт оқими ва йўл қопламалари сифати назоратини амалга оширади, кўчалардаги ахборот панеллари ҳамда фойдаланувчиларнинг смартфонларида йўллардаги вазиятни акс эттириш орқали транспортлар ҳаракатини оптималлаштиради, чорраҳаларнинг юкланиш даражасига қараб светофорларнинг ишлашини бошқаради, жамоатчилик транспортининг жойлашув жойи ва бекатга келиш вақтини кўрсатади, шунингдек тизим электромобиллар учун заряд станциялари инфратузилмаси, йўлга тахминан қанча вақт кетишига оид маълумотлар ва кўплаб бошқа фойдали функцияларга эга.

«Электрон милиция»

Электрон милиция - «электрон милиция» пультига қўнғироқ қилинганда харитада дарҳол қўнғироқ қилувчининг жойлашув манзили акс этади, навбатчи мониторида эса хабарни рўйхатдан ўтказувчи, уни қайта ишловчи ва тезкор чоралар кўрувчи дарча очилади. Бундай тизим, биринчидан, бирор мурожаатни эътиборсиз қолдирмайди, иккинчидан, ёвуз ниятли чақириқларга қарши фаол курашади.

Хавфсизлик қуйи тизими

Хавфсизлик қуйи тизими - видеокузатув, видеофиксация ва инфратузилма объектлари жисмоний хавфсизлиги таъминоти тизимлари; фавқулодда оператив хизматлар чақириғини таъминлаш тизимлари; огоҳлантириш тизимлари; хавфсизлик тизимларини бошқарувчи дастурий-қурилмавий комплекс.

Хусусан, бу тизим электрон милиция хизмати билан бирга ишлашга асосланган, бироқ у бошқа барча фавқулодда хизматлар - тез тиббий ёрдам, ўт ўчирувчилар, газчи ва энергетиклар билан ҳам мувофиқлашади. Бунинг учун Ягона жамоа ёки вазият марказидан фойдаланилади.

Электрон таълим

Электрон таълим - одатий «масофавий таълим»дан кўпроқ функцияларни ўз ичига олади ва аҳоли (ўқувчилар, талабалар, докторантлар ва б.)га уйдан чиқмаган ҳолда маърузаларни тинглашга ёрдам беради. Ақлли шаҳарлар учун таълим соҳасидаги янги технологиялар мазкур соҳани ривожлантиришга оид асосий тенденциялар, онлайн- ва офлайн-услублар интеграцияси, адаптив ва мобил таълим технологиялари ривожи кабиларни акс эттирувчи инновацион қарорлар тўпламини ўзида жамлайди. Онлайн таълим платформалари ва оммавий очиқ онлайн курслари, илғор визуализация, тўлдирилган ва виртуал реаллик технологиялари ва бошқалардан иборат.

Янги технологиялар таълим берилаётган кишининг эҳтиёжларини инобатга олиш ва персоналлаштирилган таълим траекторияларини яратиш, шунингдек зарур билимлар кўламини кенгайтириш, таълим жараёнини визуаллаштириш ва деталлаштириш имконини беради. Буларнинг бари таълим жараёни самарадорлигини оширишга ва келгусида шаҳар экотизимини ривожлантиришда бевосита иштирок этишга олиб келади.

Электрон соғлиқни сақлаш тизими

Электрон соғлиқни сақлаш тизими барча тиббиёт муассасалари ягона стандартлар бўйича ишловчи марказлаштирилган тизим сифатида тушунилади. Бу тизим аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишдаги ахборот таъминотининг тўлиқ циклини (беморнинг электрон тиббий картаси, электрон рецептлар, диспансеризация, ҳомиладорларни рўйхатга олиш ва ҳ.к.) автоматлаштиради.

Бундан ташқари, электрон соғлиқни сақлаш тизими беморларнинг ягона электрон базасини ўз ичига олади. Бу база ёрдамида шифокорлар аҳоли тиббиёт муассасасига мурожаат қилган тақдирда, тезкорлик билан анамнез, илгари олинган таҳлиллар натижалари, даволаш муолажалари билан танишиш имконига эга бўлишади.

Мавжудлик эффектини ҳосил қилувчи видеоконференция тизими мутахассислар консилиумини ўтказиш, МРТ ва рентгенография натижаларини деталларда кўриб чиқиш ҳамда операцияни масофадан юқори малакали жарроҳ раҳбарлиги остида бажаришга ёрдам беради

Ақлли энергетика

Ақлли энергетика - бу автоматлаштирилган интеллектуал энергия тармоғи ва мослашувчан тақсимлаш тизими; интеллектуал ҳисоблаш ва талабни тартибга солиш тизими; қайта тикланувчи энергия манбаларини татбиқ қилиш; энергосамарадор бинолар ва иншоотлар.

Сув таъминоти

Сув таъминоти ва дренаж - онлайн гидравлик моделлар базасида сув таъминотини бошқариш, автоматлаштирилган сув тўсиғи, дренаж ва тақсимлаш, хавфсизлик ва назорат тизимларини интеграция қилиш, сел оқимлари ва сув тошқинларидан огоҳлантириш тизимларини бошқариш.

Ақлли уй-жой ва коммунал хўжалиги

Ақлли уй-жой ва коммунал хўжалиги — бу «Ақлли шаҳар» Концепциясини ривожлантириш йўналишларидан бири. Мазкур йўналишдаги тизимларни қўллаш спектрига бинолар ишини назорат қилиш, иссиқлик ва кондиционер тизимлари фаолиятини автоматик равишда бошқариш, кун қисмига қараб кўча ва йўлаклар ёруғлик интенсивлигини тартибга солиш, энергоресурсларни ҳисоблаш тизимлари, чиқинди бакларининг самарали хизмат кўрсатиши киради.

Ҳужжат лойиҳасида барқарор инновацион ривожланиш мақсадларидаги Концепцияни амалга оширишда алоҳида ҳудудларда тўрт босқичли моделдан фойдаланиш тавсия қилинмоқда:

1-босқич. Базавий линияни аниқлаш - ҳудуд профилини шакллантириш, мавжуд инфратузилмани баҳолаш, ривожланиш индикаторларини аниқлаш, активлар, чақириқлар ва муваффақият тарихларини таҳлил қилиш.

2-босқич. «Ақлли шаҳар» Концепциясини татбиқ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш - манфаатдор томонларни жалб қилиш, чора-тадбирлар ва режалар йўналишларини аниқлаш, хавф омилларини баҳолаш, молиявий стратегияни шакллантириш, самарадорлик ва мақсадларнинг асосий кўрсаткичларини аниқлаш.

3-босқич. Батафсил режалаштириш - бюджетлаштириш, самарадорлик прогнози, автоматлаштириш ва ахборот тизимларини татбиқ этиш имкониятларини аниқлаш.

4-босқич. Самарадорликни татбиқ қилиш ва баҳолаш - биргаликда татбиқ қилиш (барча манфаатдор томонлар билан бирга), самарадорлик мониторинги, баҳолаш ва қайта баҳолаш (KPI'ни кузатиш, трендлар ва инвестицион параметрлар таҳлили), экспансияни таъминлаш.

Таъкидланишича, «Ақлли шаҳар» концепциясини амалга ошириш якунларига кўра қуйидаги натижаларга эришилади:

- аҳоли жон бошига корхоналар сонининг ошиши ва шаҳар аҳолиси (жумладан, ёшлар) орасида ишсизлик даражасининг пасайиши;

- таълимнинг барча шакллари татбиқ этилиши ва малака ошириш (жумладан, Интернет тармоғи орқали) ҳисобига шаҳар аҳолисининг билим даражаси ўсиши;

- инновацион коммуникация технологияларини қўллаш орқали аҳолининг шаҳар хизматлари ва давлат органлари билан ўзаро алоқасини фаоллаштириш;

- аҳоли жон бошига энергия сарфини пасайтириш ва электр энергия етказишдаги узилишлар сонини қисқартириш;

- ичимлик суви сифат кўрсаткичларини яхшилаш, сув йўқотиш ва сув таъминотидаги узилишларни камайтириш, сув тозалаш сифатини ошириш ва қаттиқ чиқиндилар утилизациясини яхшилаш;

- шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатишдаги харажатларни камайтириш ва аҳолининг кўрсатилаётган хизматлар учун қарздорликни қисқартириш;

- жамоатчилик транспортининг қамров хусусиятини ошириш ва ЙТҲда ҳалок бўлувчилар сонини қисқартириш;

- фавқулодда вазиятлар ва қоидабузарликларда жавоб бериш вақтини қисқартириш, жиноятчилик ва жабрланганлар сонини камайтириш;

- бошпанасиз ва белгиланган меъёрлардан паст даражадаги шароитларда яшовчи кишилар сонини қисқартириш;

- яшил зоналар ва оммавий дам олиш майдонлари кўламини ошириш;

- атмосферадаги зарарли моддалар ва шовқин даражасини камайтириш;

- аҳоли орасида тиббий персонал улуши - ҳамёнбоплик, тезкорлик ва тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш ҳисобига ўртача умр кўрсаткичларини ошириш.

Шунингдек Ўзбекистонда «Ақлли шаҳар» маданиятини шакллантириш ва ақлли иқтисодиёт учун кадрлар тайёрланиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, айни дамда мазкур ҳужжат лойиҳаси муҳокама босқичида. Унга ўзгартиришлар киритилиши мумкинлиги билан бир қаторда бекор қилиниши ҳам мумкин.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан танишинг.

Мавзуга оид