Иқтисодиёт | 10:34 / 16.10.2018
10845
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Қозоғистон банкларининг имкониятлари қандай?

Фото: Журнал Плас

Бугунги кунда Ўзбекистонда 28та тижорат банки фаолият кўрсатмоқда. Иккинчи даражали банкларнинг жами активлари - 194,6 трлн сўм ёки жорий курс бўйича 24,1 млрд доллар. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2017 йилда 249,1 трлн сўмни - 30,7 млрд долларни ташкил этди.

Halyk Ўзбекистонда филиал очиш ниятида эканини маълум қилган биринчи Қозоғистон банки бўлди. Тошкент шаҳрида молиявий ташкилотнинг шўъбаси - Tenge Bank фаолият кўрсатади.

«Таъкидлаб ўтиш жоизки, Халқ банки Россия, Қирғизистон, Грузия ва Тожикистонда шўъбаларга эга. Ўзбекистон бозорига кириш банк учун ривожланиш стратегиясининг мантиқий давоми бўлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон банк бозори гарчи ўсиш учун салоҳиятга эга бўлса-да, бироқ шаффоф эмас ва Ўзбекистон Марказий банки томонидан банк секторини тартибга солишнинг ёндашувларида кейинги ўзгаришлар борасида ноаниқлик сақланиб қолмоқда», - деди Қозоғистон Молиячилар ассоциацияси таҳлил маркази эксперти Мерей Исабеков «Курсив» нашрига берган интервьюсида.

Бугунги кунда Ўзбекистонда фақат бешта банк хорижий капитал иштирокида ишламоқда: «Савдогар», Hamkorbank, Ziraat Bank Uzbekistan, Эроннинг «Садерат» ва KDB Bank Uzbekistan.

«Мен бу бозорга кирган давлатлар ва инвесторлар дарҳол катта даромадга эга бўлади, деб айта олмайман. Бироқ, ўрта муддатли истиқболда мамлакат банк секторида бир неча банклар хусусийлаштирилиши мумкин. Бу, эҳтимол, МДҲ ҳудудидаги қизиқ бўлиши мумкин бўлган охирги банк секторидир. Бошқа мамлакатларда вазият аниқ. Ўзбекистон бу маънода тушунарсиз», - деди Moody’s Investors Service’нинг Россия ва МДҲ мамлакатлари бўйича банк гуруҳи раҳбари Ярослав Совгира.

Moody’s ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда банк активларининг сифати яхши бўлиб қолмоқда: иқтисодий ўсиш, пасаяётган инфляция ва кредитлашнинг тенг ўсиши (2018 йилда 30-40 фоиз) ҳисобига муаммоли кредитларнинг улуши аввалги даражада сақланиб қолади.

Банкларнинг даромадлилиги ва капитал етарлилиги аниқ фоиз маржасининг пасайиши ва активларнинг жадал ўсиши ҳисобига аста-секин камаяди.

«Эҳтимол, МДҲ мамлакатларининг йирик банклари учун Ўзбекистонга кириш мумкиндир. Бироқ, бу қадамни улардан энг кучлилари, амбицияларга эга бўлганлари қўяди. Қозоғистон бозори нисбатан тор, сабаби чунки яхши қарздорлар сони жуда кам. Афтидан, маҳаллий бозорда сиқилиб қолаётган энг йирик ва қудратли банклар Ўзбекистонга кириш имконига эга», - дея таъкидлаб ўтди Ярослав Совгира.

Классик маънода Ўзбекистон банк сектори ривожланишнинг дастлабки босқичида турибди. Бозорда муайян турдаги молиявий хизматлар умуман йўқ ёки энди жорий қилинмоқда.

Мавзуга оид