Ўзбекистон | 22:04 / 17.10.2018
8045
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилоятида “Эзгулик патрули” ўз фаолиятини бошлади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган “2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси” ва “2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” соҳада улкан ўзгаришлар, тизимда туб бурилиш ясашга хизмат қилмоқда. 

Шу мақсадда Қашқадарё вилоятидаги мавжуд йўл патруль хизмати инспекторлари ичидан муомаласи, ўзини тутиши билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган тўрт нафари ажратиб олинди ва “Эзгулик патрули” ташкил этилди. Улар учун алоҳида патруль автомобили ажратилиб, у алоҳида, махсус кўринишда жиҳозланди. “Эзгулик патрули” жорий йилнинг октябрь ойидан ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда KUN.UZ’га вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Уларнинг асосий вазифалари йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш, пиёдаларга, кексаларга, болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, маданиятли ҳаракат иштирокчиларини рағбатлантириш, йўлларда нохуш вазиятларга тушиб колганларга ёрдам қўлини чўзиш каби эзгу ишлар киради. 

- Биринчи кундан ишларимиз жадаллашиб кетди, - дейди “Эзгулик патрули” ходими, ЙПХ инспектори, сафдор Дилдора Исмоилова. - Ишлаб турган жойимизга бир қизча келиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси топиб олганлигини, уни кимга топшириш кераклигини сўради. Биз гувоҳномани олиб, дарҳол бошқармамиз билан боғландик. Фуқаронинг манзилини олиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини унга олиб бориб бердик. Жуда хурсанд бўлди.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид