Жаҳон | 07:46 / 18.10.2018
9389
2 дақиқада ўқилади

Турк полицияси Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консули қароргоҳида тинтув ўтказди

Фото: REUTERS/Osman Orsal

Туркиялик терговчи-криминалистлар журналист Жамоқ Қошиқчининг йўқолиши билан боғлиқ ҳолда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консули яшайдиган бинони тинтув қилишди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги маълум қилди. 

Таъкидланишича, консул Муҳаммад Утайбанинг қароргоҳи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигидан 2 км узоқликда жойлашган. 

“Терговчилар айнан нимани топишни мўлжаллашгани ноаниқ, бироқ кузатув камералари дипломатик рақамларга эга автомобиллар Қошиқчи консулликка киргандан 2 соат ўтгач консуллик ва консул қароргоҳи орасида ҳаракатланганини кўрсатган”, деб маълум қилган ахборот агентлиги.  

Бундан ташқари, полициячилар қароргоҳ боғида жойлашган қудуқни кўздан кечирмоқчи бўлишган. Утайбанинг ўзи 16 октябрда Саудия Арабистонига учиб кетган.

Аввалроқ полиция консуллик биносини кўздан кечирганда журналистнинг ўлдирилганини исботловчи далиллар аниқлагани ҳамда маҳаллий журналистларда журналистнинг консулликда сўроқ қилингани ва қийноққа солингани аудиоёзуви борлиги маълум қилинган.

Маълумотларга кўра, аудиоёзувда Утайбанинг муаммолар келиб чиқишидан хавотирланиб, журналистни консулликдан ташқарида ўлдирилишини айтганини эшитиш мумкин.  

АҚШнинг CNN телекомпанияси туркиялик расмий манбага иқтибос келтирган ҳолда журналист консулликда ўлдирилиб, жасади бўлакланиб ташланганини маълум қилганди.  

Мавзуга оид